Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада коррупция можароси: “Энергоатом”да истеъфолар
Украина Вазирлар Маҳкамаси “Энергоатом” вице-президенти Якоб Хартмутни ва давлат компаниясининг яна бир неча топ-менежерларини зудлик билан ишдан четлатди. Бош вазир Юлия Свириденко қарор НАБУ материаллари асосида қабул қилинганини маълум қилди.
Украина ҳукумати “Энергоатом” давлат компанияси бошқарув ҳайъати аъзоси, вице-президент Якоб Хартмутни ишдан вақтинча четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси (НАБУ) тақдим этган материаллар асосида қабул қилингани ҳақида 12 ноябр куни мамлакат бош вазири Юлия Свириденко Telegram’да ёзди.
Ҳукумат, шунингдек, “Энергоатом” бошқаруви раиси в.б.га компания президентининг бош маслаҳатчиси Дмитрий Басовни (унга аллақачон гумоннома тақдим этилган) ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текшираётган жиноятларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган ходимларни вақтинча лавозимдан олиб туришни топширди. Жумладан, бу рўйхатда молия ва бюджетлаштириш директори, ҳуқуқий таъминот директори ва “Марказлашган харидлар” алоҳида бўлинмаси раҳбари борлиги аниқланди, деди Свириденко.
Унинг қўшимча қилишича, агар НАБУ тергови давомида бошқа ходимларнинг ҳам жиноий фаолиятга алоқадорлиги аниқланса, бошқарув раиси в.б. уларни ҳам четлатиши ва бу шахслар бўйича терговга тўлиқ кўмак бериши шарт.
Бундан олдинроқ, 12 ноябр куни Украина президенти Володимир Зеленский “Энергоатом”да коррупция текширувлари фонида мамлакат адлия вазири Герман Галушченко ва энергетика вазири Светлана Гринчукни лавозимидан озод этишни талаб қилган эди. Улар дарҳол истеъфо аризаларини топширди, деб хабар берди Свириденко ва бу масала бўйича таклифни Олий Радага киритганини маълум қилди. Депутат Ярослав Железнякка кўра, масала юзасидан овоз бериш 18 ноябр кунги мажлисда ўтказилиши кутилмоқда.
Кейинроқ Свириденко ўз Telegram-каналида навбатдан ташқари йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашига (МХМК) Зеленскийнинг сафдоши, “Квартал 95” студияси эгаси Тимур Миндич ҳамда молиячи Александр Цукерманга қарши санкциялар жорий этиш таклифини киритганини ёзди. Иккаласи ҳам “Энергоатом” ишида тинтувлардан сал олдин мамлакатни тарк этган.
НАБУ ва Ихтисослашган антикоррупция прокуратураси (САП) шу ҳафта бошида “Энергоатом”да катта коррупция схемаси фош этилганини маълум қилди. 10 ноябр куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Галушченко ва Миндичга тегишли жойларда, шунингдек “Энергоатом”нинг ўзида тинтувлар ўтказди.
НАБУ баёнотига кўра, “жиноий ташкилотнинг асосий фаолияти йўналиши ‘Энергоатом’ контрагентларидан шартнома қийматининг 10–15 фоизи миқдорида мунтазам ноқонуний даромад олиш бўлган. Хусусан, контрагентларга кўрсатилган хизматлар/етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни блоклашдан қочиш ёки етказиб берувчи мақомидан маҳрум этмаслик шарти билан ‘откат’ тўлаш талаби қўйилган”.
11 ноябр куни Украина ҳукумати “Энергоатом” кузатув кенгашининг ваколатларини муддатидан олдин тугатди. Иқтисодиёт вазирлиги халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар якунларига кўра, бир ҳафта ичида ҳукумат тасдиқлаши учун янги таркибни тақдим этади. Янгиланган кенгашнинг вазифаси “раҳбариятни тезкор қайта ишга тушириш, компанияда тўлиқ аудит ўтказиш ва эҳтимолий коррупция ҳолатларини тергов қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳар томонлама ёрдам бериш”дан иборат бўлади, дея таъкидлади Свириденко.