Технология | 07:32 / 14.11.2025
3506
3 дақиқада ўқилади

Мобил давр: смартфонлар энг кўп тарқалган минтақалар

Смартфонлар анчадан бери оддий қулайлик воситаси эмас — улар замонавий ҳаётнинг асосига айланди: мулоқот ва савдодан тортиб, кўнгилочар ва таълимгача бўлган барча соҳаларда ёрдам беради.

Фото: AP

Newzoo таҳлил компанияси маълумотларига кўра, смартфонлар кириб бориш даражаси бўйича АҚШ етакчи: аҳолининг 81,6 фоизи шундай қурилмаларга эга. Ортидан Япония — 78,6 фоиз, Россия — 73,6 фоиз билан келяпти, Хитой ва Индонезияда эса кўрсаткичлар тахминан 68 фоиз атрофида.

Фаол ўсиш Бразилия, Мексика ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларида ҳам кузатилмоқда. Шу билан бирга, Ҳиндистон (46,5 фоиз), Нигерия (38,1 фоиз) ва Покистон (31 фоиз) ҳали-ҳануз катта салоҳиятга эга йирик бозорлар бўлиб қолмоқда.

Смартфонлар тарқалишининг ўсиши фақат қурилмалар сони кўпайганини эмас, балки интернетга кириш усуллари ўзгариб бораётганини ҳам акс эттиради.

Semrush маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳон веб-трафигининг 63 фоиздан ортиғи мобил қурилмаларга тўғри келади — бу анъанавий “десктоп” интернетдан ҳал қилувчи оғиш содир бўлаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Google’даги қидирув сўровларининг кўпчилиги энди айнан смартфонлар орқали амалга оширилмоқда — компаниялар ва маркетологлар рақамли стратегияларини мослаштиришда инобатга оладиган муҳим омил.

Мутахассислар бу ўсишни жаҳон миқёсидаги ўзаро боғлиқлик ҳақидаги кенгроқ жиҳатнинг бир қисми сифатида кўради. IDC Worldwide Quarterly Mobile Phone Tracker’нинг 2025 йил иккинчи чоракдаги ҳисоботига кўра, смартфон етказиб бериш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1 фоизга ошиб, 295,2 миллион донани ташкил этди — Хитойдаги паст талаб ва айрим ҳудудлардаги иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан.

Ўсишнинг асосий драйверлари — ҳамёнбоп нархдаги Android-смартфонлар ва ривожланаётган мамлакатларда интернет қамровининг кенгайиши бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, Ҳиндистон ва Африка давлатларида қурилмалар қиймати ҳамон жиддий тўсиқ: миллионлаб одамлар ҳали ҳам оддий телефонлардан фойдаланади ёки битта гаджетни бир неча киши бўлиб ишлатади. Бу эса бюджет смартфонлар ишлаб чиқарувчилари ва мобил фойдаланишга мўлжалланган платформалар учун янги имкониятларни яратади.

Бу орада ривожланган иқтисодиётларда — масалан, АҚШ ва Японияда бозор моделларни янгилаш ва сунъий интеллект асосидаги функцияларга эга премиум қурилмаларга талаб ҳисобига ўсмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид