Жамият | 07:42 / 15.11.2025
3954
4 дақиқада ўқилади

Интернет статистикаси: фойдаланувчилар бир кунда тармоқни қандай тўлдиради?

Интернет 2025 йилда жуда кучли даражада «қайнаб» турибди. Ҳар куни миллиардлаб одамлар ўз фаолияти билан рақамли маконни тўлдирмоқда.

Фото: REUTERS

Exploding Topics ва Sandvine компаниялари ҳисоботлари ҳар куни тармоқда содир бўладиган жараёнлар масштабига ҳақиқатан ҳам реал кўз билан назар ташлаш имконини беради.

1. Жўнатиладиган электрон хатлар: 333 миллиард.

Электрон почта ҳануз интернетнинг энг асосий хизматларидан бири бўлиб қолмоқда: дунё бўйича ҳар куни 333 миллиард хат юборилади. Мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар оммалашганига қарамай, айнан электрон почта иш юритиш ёзишмалари, рақамли маркетинг ва транзакцион хабарномаларнинг (масалан, чеклар ёки буюртма ҳақидаги билдиришномалар) асосий канали бўлиб қолмоқда.

Бироқ Sandvine маълумотларига кўра, бутун почта фаолиятининг 45 фоизидан кўпроғи — спам, яъни кунига 152 миллиард керак бўлмаган хат.

2. Жўнатиладиган SMS: 24 миллиард.

SMS (бу ерда фақат интернет орқали юборилган хабарлар назарда тутилмоқда, оддий мобил алоқа орқали эмас) ижтимоий тармоқлар фонида камтар кўринса-да, умуман олганда эскирмади. Ҳар куни 24 миллиард SMS икки босқичли аутентификация, учрашувлар ҳақида эслатмалар ва интернети заиф ҳудудларда алоқа учун ишлатилади.

Смартфонлар кенг тарқалган, аммо мессенжер иловалари тўлиқ устунликка эга бўлмаган мамлакатларда SMS ҳануз мустаҳкам ўринни эгаллаб келмоқда.

3. Google’да қидирув сўровлари: 8,5 миллиард.

Google ҳар куни 8,5 миллиардта сўровни қайта ишлайди ва дунёнинг энг кўп ташриф буюриладиган сайти мақомини сақлаб турибди. У миллиардлаб одамлар учун асосий маълумот манбаи — таом рецептларидан ва шарҳлардан тортиб, тиббий белгилар ва илмий маълумотларгача.

4. Snapchat’даги “снэп”лар: 8,5 миллиард.

Snapchat йўқолиб кетадиган (вақтинчалик) визуал контент соҳасида етакчиликни сақлаб қолмоқда — ҳар куни 8,5 миллиардта «снэп» юборилади.

5. Facebook’да эълон қилинадиган постлар: 2,5 миллиард.

Янги платформалар рақобатига қарамасдан, Facebook фойдаланувчилари ҳар куни 2,5 миллиардта пост яратади. Ўсмирлар учун бу илова энди унчалик «модада» бўлмаса-да, катталар, кичик бизнес ва маҳаллий жамоалар орасида у жуда оммалашган ҳолда қолмоқда.

6. Tinder’да свайплар: 1,6 миллиард.

Tinder’да муҳаббат (ёки шунчаки қизиқиш) излаш секинлашмаяпти — кунига 1,6 миллиард свайп амалга оширилади. Танишув иловалари рақамли ҳис-туйғулар ғоясини бутунлай одатий ҳолга айлантирди, пандемия пайтидаги изоляция таъсири эса уларга қизиқишни янада оширди.

7. X (собиқ Twitter)даги постлар: 500 миллион.

Ребрендингдан кейин X’да фаоллик ўзгарган бўлса-да, платформа ҳали ҳам кунига 500 миллионта пост қайд этмоқда.

Илон Маскка тегишли бу платформа ҳануз дунё миқёсидаги онлайн-муҳокамалар марказларидан бири бўлиб турибди, айниқса сиёсат, спорт ва реал вақтдаги янгиликлар мавзусида. 2024 йилда узун постлар жорий этилиши ва муаллифлар учун монетизация дастурлари фойдаланувчилар фаоллигини барқарор даражада ушлаб туришга ёрдам берди.

8. Zoom’да ўтказиладиган учрашув соатлари: 151 миллион.

«Дунёнинг исталган нуқтасидан ишлаш» концепцияси энди меъёрга айланди. Ҳар куни фойдаланувчилар Zoom’да 151 миллион соатга яқин вақт ўтказади — масофавий иш, халқаро мулоқот ва гибрид таълим формати ривожланишда давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид