Жаҳон | 11:46 / 17.11.2025
1388
2 дақиқада ўқилади

Филиппин пойтахтида юз минглаб одамлар коррупцияга қарши норозиликка чиқди

Манилада 550 мингга яқин киши сув тошқинларидан ҳимоя қилиш лойиҳалари атрофидаги қонунбузарликка қарши норозилик билдирди. Коррупцияда айбланаётганлар орасида президент кичик Фердинанд Маркоснинг яқин атрофидаги шахслар ҳам бор.

Фото: Mark Cristino/AP

Юз минглаб кишилар Манила кўчаларига чиқиб, сув тошқинларига қарши иншоотлар қурилиши билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларига қарши норозилик билдирди. 16 ноябр куни Филиппин пойтахтида намойишчилар давлат томонидан сел-тошқинларга қарши инфратузилма лойиҳаларига ажратилган 500 миллиард песодан (қайта ҳисоб-китобда тахминан 7,3 миллиард евро) ортиқ маблағни ўғирлашда айбланаётган коррупцион схема қатнашчиларини жавобгарликка тортишни талаб қилди.

Полицияга кўра, Iglesia ni Cristo нуфузли насроний гуруҳи томонидан уюштирилган мазкур акцияда тахминан 550 000 киши қатнашган. Плакатларда, бошқалар қаторида, "Адолат!" ва "Суиқасд ўрнига шаффофлик!" деган талаблар ёзилган эди. Ташкилотчилар маълумотича, мазкур намойиш коррупция можаросига қарши энг йирик норозилик акциясига айланди. Янги норозилик чиқишлари 17 ва 18 ноябр кунларига режалаштирилган.

Коррупция можаросида, бошқалар қаторида, мамлакат президенти кичик Фердинанд Маркоснинг атрофидаги одамлар ҳам тилга олинган. Фигурантлар орасида ўнлаб қурилиш пудратчилари, давлат амалдорлари ва қонун чиқарувчилар, жумладан давлат раҳбарининг амакиваччаси бор.

Улар сув тошқинларига қарши реал лойиҳаларни амалга ошириш ўрнига сохта контрактларни имзолашда ёки ишлар сифатсиз бажарилишида айбланмоқда. Бундан ташқари, пудратчилар томонидан ажратилган маблағларни ўзлаштириш ва сиёсатчи ҳамда амалдорлар томонидан пора олиш ҳолатлари ҳақида ҳам хабар берилган.

Филиппин айниқса экстремал об-ҳаво ҳодисаларига, жумладан, тошқинлар ва тўфонларга кучли даражада мойил мамлакат ҳисобланади. Бу оролларга эга давлатга ҳар йили ўртача 20 га яқин тропик циклон ёпирилади. Қудратли тўфонлардан бири жорий йил ноябр ойи бошида Филиппинга кириб келган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид