Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бектемир тумани солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғи қўлга олинган.

Маълум бўлишича, у маҳаллий тадбиркорга тегишли дўконда харидорга савдо чеки берилмагани ҳақида келиб тушган мурожаат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва ишни судга оширмаслик эвазига 4 миллион сўм пора талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида мазкур пул маблағи солиқ инспекцияси инспектори орқали олинаётган вақтда улар ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида эса ушбу инспектор жорий йил апрель ойида ҳам айнан шу дўкон бўйича келиб тушган мурожаатни “кўрмасдан қолдириш” эвазига 1,5 миллион сўм олгани аниқланган.

Ҳозирда мазкур солиқ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқароларни коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Шахс сир сақланиши кафолатланиши таъкидланган.