Ўзбекистон | 12:05 / 19.11.2025
1217
2 дақиқада ўқилади

Тергов ҳибсхоналаридаги шароитлар енгиллашиши мумкин

Қонунчилик палатасида Омбудсман томонидан киритилган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар лойиҳаси кўриб чиқилиб, тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар учун қўшимча имкониятлар ва енгилликлар назарда тутилган меъёрларни такомиллаштириш маъқулланди.

Фото: Adobe Stock

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунчилик таклифини кўриб чиқдилар.

Лойиҳа тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган амалдаги нормаларни такомиллаштиришни назарда тутади.

Хусусан, қуйидаги янги имкониятларни жорий этиш таклиф этилмоқда:

  • байрам кунларида тоза ҳавода қўшимча сайр қилиш ҳуқуқини бериш;
  • яқин қариндошлари ва бошқа шахслардан кийишга рухсат этилган кийим-бош ва пойабзал олиш имкониятини яратиш;
  • ҳар ойда озиқ-овқат ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш учун рухсат этилган пул миқдорини ошириш.

Қайд этилганидек, ушбу ўзгаришлар қамоққа олинган шахсларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини ошириш, уларнинг инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилиш, шунингдек миллий қонунчиликни халқаро стандартлар ва илғор тажрибага мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Мажлис якунида қонунчилик таклифи депутатлар томонидан маъқулланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид