Жаҳон | 07:16 / 20.11.2025
18231
2 дақиқада ўқилади

Инсон фаолияти туфайли Ернинг айланиш ўқи 80 смга силжигани аниқланди

Музликларнинг эриши ва ерости сувларининг камайиши Жаҳон океани сатҳини кўтармоқда. Олимлар тадқиқоти шуни кўрсатдики, сувнинг қайта тақсимланиши Ернинг айланиш ўқини ҳам силжитмоқда.

Фото: Vito Technology

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи аниқлашича, 1993 йилдан 2010 йилгача бўлган даврда Ернинг айланиш ўқи тахминан 78,48 сантиметрга силжиган. Бунинг сабаблари орасида суғориш ва ичимлик учун ерости сувларини катта ҳажмда олиш ҳам бор. Тадқиқот Geophysical Research Letters журналда чоп этилган.

Иқлим модели баҳоларига кўра, 1993–2010 йиллар орасида ерости сувларининг умумий камайиши 2 150 гигатоннага етган. Бу Жаҳон океани сатҳининг 6,24 миллиметрга кўтарилишига тенг.

Тадқиқотнинг бош муаллифи, Сеул миллий университети (Seoul National University) геофизиги Со Ки Вон тушунтиришича, ҳозирги пайтда ерости сувларининг қайта тақсимланиши қутблар дрейфига (силжишига) бошқа иқлимий омилларга нисбатан энг катта таъсир кўрсатмоқда.

Со таъкидлашича, Ернинг айланиш қутбидаги ўзгаришларни кузатиш орқали қитъалар миқёсида сув захиралари қандай тебралишини тушуниб олиш мумкин. Бу маълумотлар ёрдамида экологлар ва сув ресурсларини бошқарувчи ташкилотлар денгиз сатҳининг янада кўтарилиши ва бошқа иқлимий оқибатларни чеклашга қаратилган чораларни ишлаб чиқиши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид