Жамият | 12:13 / 20.11.2025
11042
2 дақиқада ўқилади

Мираббос Мирзааҳмедов 84 ёшда вафот этди

У 60 йил давомида телерадио соҳасида хизмат кўрсатган, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» лойиҳаси бошловчиси сифатида танилганди.

Фото: RTV

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, бошловчи ва режиссиёр Мираббос Мирзааҳмедов 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Миллий» телеканали хабар қилди.

Мираббос Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1965 йилда телерадио соҳасидаги ижодий фаолиятини бошлаган.

У «Баҳор қайтмайди», «Қалбингга қулоқ сол», «Дунёнинг ишлари», «Инсон садоқати», «Биллур қандиллар», «Эътироф» каби 50 дан зиёд видеофилмларни, «Буни ҳаёт дейдилар» туркум кўрсатувларини тасвирга олишда иштирок этган.

Ярим асрдан зиёд вақт мобайнида «Оталар сўзи ақлнинг кўзи» лойиҳаси бошловчи ва режиссёри бўлиб ишлаган.

Мирзааҳмедов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони, «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган.

У сўнгги 9 йилга яқин вақт давомида «Миллий» телеканалида «Оталар сўзи» дастури бошловчиси ва бадиий маслаҳатчи сифатида ишлаб келаётганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев