Жамият | 08:21 / 21.11.2025
2579
2 дақиқада ўқилади

Андижонда уй шароитидаги нарколаборатория фош этилди

Андижон шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1987 йилда туғилган фуқаронинг уй-жойида ноқонуний нарколаборатория аниқланди. Хонадондан турли турдаги гиёҳванд моддалар, уларни тайёрлаш учун мўлжалланган хом-ашё ва қурилмалар, шунингдек “Телеграм-бот”лар орқали сотувни ташкил этган техника воситалари ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Андижон шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида уй шароитида ташкил қилинган нарколаборатория фош этилди.

Тезкор тадбир доирасида Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган фуқаро ўзининг яшаш хонадонида гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган. Тинтув жараёнида унинг уйидан “гашиш” моддаси, кристалл кўринишидаги синтетик гиёҳвандлик воситаси, “Тропикамид” кучли таъсир этувчи дори воситалари, гиёҳванд моддаларни тайёрлашда ишлатиладиган хом-ашёлар, махсус идишлар ва қадоқлаш учун мўлжалланган зип пакетлар ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, хонадондан 4 та мобил телефон ва 1 та ноутбук мусодара қилинган. Ноутбукни ўрганиш давомида мижозларга синтетик гиёҳванд моддаларни сотиш ва уларга локация ташлаб бериш мақсадида гумонланувчи томонидан бошқарилган 3 та “Телеграм-бот”, шунингдек уй шароитида нарколаборатория ташкил қилиш билан боғлиқ видео ва слайд кўринишидаги қўлланмалар мавжудлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган бўлиб, ашёвий далиллар экспертизага юборилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари доирасида гумонланувчининг жиноий алоқалари ва эҳтимолий шерикларини аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид