Жамият | 09:19
2134
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 1 млн долларлик “мефедрон” нарколабораторияси фош этилди

ДХХнинг Тошкент ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Тошкент вилояти Божхона бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган комплекс тадбирлар натижасида Андижон шаҳрида ташкил этилган нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Тошкент вилояти Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида нарколабораторияларни аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш бўйича комплекс тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, “Телеграм” мессенжеридаги наркодўкон кураторлари томонидан белгиланган жойларга қолдириб кетилган, синтетик гиёҳвандлик моддаларини тайёрлашда фойдаланиладиган катта миқдордаги прекурсорлар аниқланиб, оператив кузатувга олинди.

Тезкор тадбир давомида ушбу прекурсорларни олиш учун келган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Текширувлар жараёнида улар томонидан Андижон шаҳрининг “Боғишамол” маҳалласида нарколаборатория ташкил қилингани маълум бўлди.

Натижада мазкур манзилдан қора бозордаги умумий тахминий нархи 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 26 кг “Мефедрон” синтетик наркотик моддаси, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари тайёрлашда фойдаланиладиган прекурсорлар ва кимёвий моддалар, лаборатория жиҳозлари, 10–20 литр ҳажмли елим идишлар, контейнерлар, респираторлар, резина қўлқоплар ва бошқа зарур анжомлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Қайд этилишича, қонунбузарлардан бири мазкур дала ҳовлини интернет наркодўкондаги куратори томонидан юборилган 15,8 минг АҚШ доллари эвазига ўз номига сотиб олган, лабораторияни жиҳозлаш учун эса 5 минг АҚШ доллари сарфлаган. Шунингдек, у жорий йилнинг январ ойида 11,7 кг “Мефедрон” тайёрлаб, куратор кўрсатмасига кўра уни хуфиёна жойга жойлаштиргани ва локациясини “хўжайини”га юборгани аниқланган.

Бундан ташқари, мазкур шахслар томонидан Чирчиқ шаҳрида ижарага олинган омборга 400 литр прекурсорлар яшириб қўйилгани ҳам маълум бўлиб, улар ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда уларга нисбатан ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид