Жаҳон | 13:43 / 22.11.2025
2943
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда

Агар Украина урушни тугатиш бўйича Доналд Трампнинг "тинчлик режаси"га 27 ноябргача розилик билдирмаса, Вашингтон Киевга разведка маълумотлари ва қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиши мумкин, деб ёзади Reuters.

Фото: REUTERS

АҚШ Украинага урушни тартибга солишга оид, Вашингтон томонидан ишлаб чиқилган режани маъқуллатишга мажбурлаш мақсадида, Киевга разведка маълумотлари ва қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги жума куни, 21 ноябрда, вазиятдан хабардор бўлган икки манбага таяниб хабар берди.

Манбалар таъкидлашича, Қўшма Штатлар Украина раҳбариятининг 27 ноябргача келишувни имзолашини хоҳламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Вашингтон Киевга олдинги барча тинчлик музокараларига нисбатан анча кучлироқ босим ўтказмоқда. «Улар (АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти — таҳ.) урушни тугатишни истайди ва бунинг учун ҳақни Украина тўлашини хоҳлайди», — дейди агентлик манбаларидан бири.

Россия ҳозирча Америка томонидан бирор ҳужжат олмаган, деб маълум қилди РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков. «Биз эҳтимолий модификациялар мавжудлиги ҳақида биламиз, лекин расмий равишда ҳеч нарса олганимизни йўқ… Ҳозирги пайтда мазмунан ҳеч нарса муҳокама қилинмаяпти», — деди Песков брифингда. «Биз мулоқотга очиқмиз», — деб қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Кремл Украинани Трампнинг "тинчлик режаси" бўйича қарор қабул қилишни чўзмаслик ҳақида огоҳлантирди. Россия армиясининг ўт очиши ва учувчисиз учиш аппаратларини қўллаши Украина раҳбариятини «келишиб олиш ва буни ҳозир қилиш яхшироқ» эканига ишонтириши керак, дея таъкидлади президент матбуот котиби.

Украина президенти Володимир Зеленский 20 ноябр куни Киевда тинчликка эришиш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида АҚШнинг юқори мартабали ҳарбийлари делегациясини қабул қилди. Украинадаги АҚШ элчиси ва уни ҳамроҳлик қилган армия матбуот котиби учрашувни муваффақиятли деб атади.

АҚШ таклиф этган "тинчлик режаси" ҳозиргача оммага расман эълон қилинмаган, бироқ қатор ОАВ лойиҳа матнидан парчаларни эълон қилган. Кутилишича, Украина Россияга ҳудудий имтиёзлар бериши ва ўз армиясини қисқартириши керак бўлади. Қўшма Штатлар ва Европа эса Украинани тиклашни молиялаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олади, Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар босқичма-босқич бекор қилинади, Москва ва Вашингтон эса узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик ҳақида келишув имзолайди. Axios маълумотларига кўра, режа Киев учун хавфсизлик кафолатларини назарда тутади, унга мувофиқ АҚШ ва европалик иттифоқчилар Украинага қилинган ҳар қандай ҳужумни бутун "трансатлантик ҳамжамият"га қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқиши лозим бўлади.

Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар режасига эҳтиёткор муносабатда бўлди. Германия, Буюк Британия, Франция ва Украина раҳбарлари «ўзаро тушунишга эришиш учун бошланғич нуқта» сифатида «фронт чизиғи»ни қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайди, шу билан бирга Украина армияси мамлакат суверенитетини самарали ҳимоя қилиш қобилиятини сақлаб қолиши кераклигини таъкидлайди.

Ўз навбатида, Киев Трампнинг тинчлик режасини муҳокама қилишга тайёр, бироқ Украина ҳудудий суверенитетини савдо объектига айлантириш ниятида эмас, шунингдек иттифоқчиларни танлаш ва қуролли кучлар сони ҳамда салоҳиятига доир чекловларга рози бўлмаслигини билдирмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид