Жаҳон | 17:47 / 23.11.2025
17725
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Покровск учун жанг давом этмоқда

Вазият оғирлигига қарамай, Украина қуролли кучлари Россия армияси ғалабасини эълон қилишига йўл қўймаяпти. Украина қўмондонлиги бунинг учун нималардан воз кечмоқда?

Фото: Anatolii Stepanov / Reuters / Scanpix / LETA

Покровск яқинидаги Мирноградда украин гуруҳи тўлиқ қуршовга тушиши ҳали содир бўлмади. Аммо Украина қуролли кучлари ҳозирча шаҳардаги вазиятни хавфсиз қила олмади: шаҳар гарнизонини олиб чиқиш учун ишончли йўлак очишга муваффақ бўлинмади. Украина қўмондонлиги эса деярли қуршов ҳолатидаги кучларни олиб чиқишга шошилмаяпти. Бу вақтда Россия қўшинлари Покровскда тўпланмоқда. Тез орада улар Мирноградни қамалдан чиқариши керак бўлган украин кучлари жойлашган Гришино қишлоғига юриш бошлаши мумкин. Покровск ва унинг атрофидаги ҳудудлар учун курашга аллақачон Украина қуролли кучларининг кўплаб ресурслари ҳамда катта миқдордаги захиралар жалб этилган. Натижада бошқа йўналишлардаги мудофаа заифлашган: РФ қуролли кучлари Запорижжя области шарқидаги қалъа шаҳар ҳисобланган Гуляйполенинг шимолий чеккаларига тезлик билан яқинлашмоқда, Константиновка ва Северскни штурм қилмоқда ҳамда Лиман яқинида Шимолий Дон дарёсига етиб келишга уринмоқда. «Медуза» фронт чизиғидаги сўнгги ўзгаришларни кўриб чиқди.

Покровск, Мирноград ва Новопавловка

Ноябр ойи бошида Россия қуролли кучлари Покровскка кириб келганидан сўнг, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги синовдан ўтган воситани қўллади: шаҳарга 425-штурмчи «Скала» полки тимсолида «ўт ўчириш командаси» ташланди. Ушбу штурмчилар бир йилдан ортиқ вақтдан бери фронтнинг турли участкаларида, кескин вазият юзага келган жойларда қарши ҳужумларда (кўпинча муваффақиятли) иштирок этиб келади. Покровскда улар шаҳар марказигача киришга муваффақ бўлишди. Аммо рус қўшинлари шаҳарнинг шимолий-ғарбий чеккаларига етиб бориб, Мирноград ва Гришинони боғловчи йўл тўсиб қўйилиши таҳдиди юзага келди. Украина дронлари Мирноград – Гришино йўлида Россия штурмчиларининг кичик гуруҳини аниқлаб, уларга ҳужум қилди.

Мирнограднинг ўзида жануб, шарқ, ғарб ва шимоли-шарқдан ҳужум қилаётган Россия қуролли кучлари ўртасида Украинанинг иккита бригадаси бўлинмалари қолиб кетган. Россия қўшинлари аллақачон Мирноград жанубий микрорайонининг катта қисмини эгаллаган, шунингдек, шаҳар шимолидаги кварталларда мустаҳкам ўрнашиб олган. Украина гарнизони таъминотини амалга ошириш масаласи ҳаддан ташқари оғирлашган. Россия авиацияси украин ҳарбийлари яшириниши мумкин бўлган кўп қаватли уйларга мунтазам равишда зарба бермоқда.

Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Россия қўшинларини Родинское шаҳри ва Красний Лиман қишлоғи яқинида эгалланган ҳудудларидан сиқиб чиқариб, шимолдан Мирноградга ёриб киришни режалаштирган. Аммо ҳозирча ҳужумлар (шу жумладан, танклар ёрдамида) муваффақият келтирмади. Эълон қилинган видеога кўра, Россия қуролли кучлари Родинскоенинг жанубий қисмини, шимолроқда – Дорожное қишлоғини назорат қилишда давом этмоқда. Шунингдек, Красний Лимандаги рус қўшинлари Мирноградга ҳужумларини давом эттирмоқда.

Россия қўмондонлиги Покровск ва Мирноград ҳудудида Россия қуролли кучларининг ҳаракатлари қанотларда душманнинг йирик кучлари мавжудлиги туфайли чекланганини билади. Родинское ҳудудидаги Россия гуруҳида (51-умумқўшин армияси таркибидан) узоқ вақтдан бери таъминот билан боғлиқ муаммолар мавжуд: бу гуруҳ Малиновка ва Новоэкономическое орқали тор йўлак бўйлаб ҳаракатланмоқда.

Муаммони (ёз охирида 51-армия Добропиляга ёриб киришига тўсқинлик қилган муаммо) Суми областидан олиб келинган иккита денгиз пиёдалари бригадаси ҳал қилиши керак эди. Уларнинг вазифаси Владимировка ва Шаховодаги йўллар тугунини қўлга киритиш бўлиб, бу Покровскдан шарқ ва шимолдаги бутун Россия гуруҳига таъминот етказиб беришни яхшилаган бўларди.

РФ қуролли кучлари Шаховони тўлиқ эгаллаб ололганича йўқ. Владимировка ва Шаховога ҳужумларда денгиз пиёдалари бригадалари катта йўқотишларга учради (ҳарбий техникалар аниқ нишонга олингани Украина дронларидан олинган кўплаб видеолар билан тасдиқланган).

Ғарбий қанотда Украина қуролли кучлари Гришино, Покровскнинг ғарбий чеккалари ва Днипрога олиб кетувчи йўлни (Покровскка кириш қисмини) назорат қилишда давом этмоқда. Россия қўмондонлиги жанубдан (Запорижжя, Днипропетровск ва Донецк областлари чегаралари туташган жойдан) Новопавловка орқали Межеваяга ҳужум қилиш билан бу хавфни тубдан бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Ҳафта бошида Филия ва Ивановка яқинида Волчя дарёсини кесиб ўтган Россия қуролли кучлари Новопавловкага ёппасига ҳужум (зирҳли техникалар ёрдамида) бошлади. Посёлка маркази учун оғир жанглар кетмоқда. Агар операция муваффақиятли кечса, Россия қуролли кучлари Межевая ва ундан кейин Покровск – Днипро йўлига ҳужумни давом эттириши мумкин.

Запорижжя ва Днипропетровск области

Покровск яқинида Украина қўшинлари шиддатли қаршиликни давом эттираётган бўлса, Новопавловканинг жануби ва ғарбида Россиянинг «Восток» гуруҳининг сон жиҳатдан устун кучлари ҳужуми остида тезлик билан ортга чекинмоқда.

Украина қуролли кучлари Россия қўшинларини Янчур дарёси бўйидаги табиий мудофаа чизиғида ушлаб туришга ҳаракат қилди. Бироқ, ноябр ойи бошида РФ қуролли кучлари бир неча жойда дарёни кечиб ўтиб, украинларнинг Запорижжя области шарқий қисмидаги мудофаада муҳим «қалъа» бўлган Гуляйполе шаҳрига ҳужумни давом эттирди.

Россия қўшинлари аллақачон Даниловка яқинида Украина қуролли кучларига шимолдан таъминот етказиладиган Покровское – Гуляйполе йўлини кесиб қўйган. Бундан ташқари, РФ қуролли кучларининг илғор қисмлари Гуляйполедан тўрт километр шарқдаги Затише қишлоғини эгаллади.

Агар Россия қўшинлари кейинги сув тўсиғи – Гайчур дарёсини ҳам кесиб ўтишга муваффақ бўлса, Гуляйполе қуршов хавфи остида қолади.

Бундан ташқари, Россия қуролли кучлари Покровское посёлкасига таҳдид қилмоқда, бу эса келажакда Запорижжя шаҳрига шарқдан ва Днипропетровск области ичкарисидан ҳужум қилишга йўл очади.

Россия қўшинларининг тезкор (ҳозирги уруш ўлчовлари бўйича) олдинга силжишини секинлаштириш учун Украина қуролли кучлари қўмондонлиги захиралар қидириши кераклиги аниқ. Аммо Украина армиясида ҳозирда бўш кучлар кам – уларнинг катта қисми (турли йўналишлардан, жумладан, Гуляеполедан олиниб тўпланган) август ойидан бери Покровск яқинидаги қарши ҳужумларда иштирок этмоқда.

Константиновка

Россия қўшинлари кўп ойлар давомида олиб борилган жанглардан сўнг Торецкнинг шимолий чеккаларига борадиган барча қуруқлик йўлларини тўсиб қўйишга муваффақ бўлди, у ерда Клебан-Бик сув омбори қирғоғида Украина бўлинмалари мудофаани давом эттирмоқда. Россия қуролли кучлари 8-армияси бўлинмалари Яблоновка яқинидаги сув омборининг ғарбий чеккасига ва Клебан-Бик қишлоғининг шарқий чеккасига чиқди. Шимолроқда рус қисмлари Иванополе марказига ёриб кирган. Украина қуролли кучлари сув омборининг жанубий қирғоғидаги қўшинларга қайиқлар ва дронлар ёрдамида таъминот етказишда давом этиши мумкин (лекин Константиновка мудофаасини кучайтириш учун плацдарм эвакуация қилиниши эҳтимоли кўпроқ).

Иванополедан шимолда РФ қуролли кучлари Константиновка шаҳрига кирган. Бироқ, Украина қуролли кучлари россиялик штурмчиларга қанотдан зарба берди – Предтечино ва Ступочки ҳудудида зирҳли техника билан қарши ҳужум уюштирилган.

Константиновка учун жанг (Краматорск ва Словянск агломерациясини жанубдан келадиган зарбадан тўсиб турган шаҳар) эндигина бошланмоқда. Россия қўмондонлиги шаҳарга тўғридан тўғри ҳужумни жануби-ғарбда Шахово ва Яблоновка, шимоли-шарқда эса Марководан айланиб ўтишга уриниш билан тўлдиришга ҳаракат қилиши мумкин.

Северск ва Лиман

РФ қуролли кучлари Шимолий Дон дарёсининг иккала қирғоғи бўйлаб Словянск ва Краматорск йўналишида ҳужумни давом эттирмоқда.

Дарёдан шимолда рус қўшинлари Новоселовка – Дробишево – Лиман шаҳри шарқий чеккаси – Торское чеккаси – Ямпил чизиғи бўйлаб бўлаётган жанглар билан банд. Торское ва Ямпил ҳудудида Украина қуролли кучлари Россия ҳужумини тўхтатишга имкон берган қарши ҳужумларни давом эттирмоқда. Ғарбий қанотда – Новоселовка ва Лиман ўртасидаги вазият Украина армияси учун мураккаброқ: РФ қуролли кучлари Шимолий Дондаги кечув жойлари ва Лиман марказига кириб олишга уринишларини давом эттирмоқда.

Украинага Шимолий Доннинг шимолий соҳилидаги плацдармни сақлаб қолиш Россия қўшинлари дарёни кечиб ўтишига йўл қўймаслик учун зарур. Бундан ташқари, русларнинг дарё соҳилида мустаҳкам жойлашиб олиши Словянскка FPV-дронлар ва артиллерия орқали зарба беришни осонлаштиради: Шимолий Дондан ушбу шаҳар марказигача бўлган масофа 15 километрдан камроқ.

Шимолий Дондан жанубда РФ қуролли кучлари Северск шимолидаги тепаликларда жойлашган Дроновка қишлоғини эгаллади. Северскнинг ўзи пасттекисликда жойлашган. Бу вақтда унинг жанубий чеккаларига эса рус қўшини яқинлашиб келмоқда.

Северск эгаллаб олиниши (айниқса унинг ғарбидаги тепаликлар) Россия қўшинларига Словянскка шарқдан ҳужум қилиш учун йўл очади. Агар бундай юриш РФ қуролли кучларининг Шимолий Доннинг нариги соҳилидаги гуруҳи билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилса, украин мудофаачилари танг аҳволда қолади.

Фронт чизиғининг умумий кўриниши

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид