Ўзбекистон | 15:43 / 24.11.2025
1116
2 дақиқада ўқилади

Саноат корхоналарига зарарли ташламаларни 2 баравар камайтириш талаби қўйилди

Атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтириш мақсадида саноат корхоналарига 2025 йил 1 декабргача зарарли ташламалар ҳажмини камида 2 бараварга қисқартириш вазифаси юклатилди. Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда компенсация тўловлари сезиларли даражада оширилади.

Расмий маълумотга кўра, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш чора-тадбирлари 2023 йил 31 майда қабул қилинган президент фармони ҳамда 2024 йил 25 ноябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қатъийлаштирилган.

Унга мувофиқ, атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат корхоналари қуйидаги муддатларда экологик талабларни тўлиқ бажариши шарт: I тоифага кирувчи корхоналар – 2026 йил 1 январгача; II тоифа корхоналар – 2026 йил 1 июлгача.

Шу муддатларга қадар корхоналар:

  • автоматик атмосфера мониторинг станцияларини ўрнатиб, уларни Экология ва иқлим ўзгариши органларига улашлари;
  • юқори самарадорликка эга чанг-газ ҳамда сув тозалаш ускуналарини ўрнатиш ёки мавжудларини модернизация қилиши;
  • санитар ҳимоя зоналарини автоматик кузатув постлари билан жиҳозлаши зарур.

Қайд этилишича, ушбу мажбуриятлар бажарилмаган ҳолларда атроф-муҳитни ифлослантириш учун компенсация тўловлари 5 бараваргача оширилган ҳолда қўлланилади.

Мутасадди идоралар мазкур чоралар шаҳар ва саноат ҳудудларида ҳаво сифати яхшиланиши, аҳоли саломатлигига салбий таъсирни камайтириш ва корхоналарнинг экологик жавобгарлигини оширишга қаратилганини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид