Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилда уч генерал армиядан ҳайдалди
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ)нинг уч генерали ва ўнлаб қўмондонлари 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига йўл қўйгани учун лавозимидан озод этилди. Бош штаб раҳбарининг қарорига кўра, улар армия таркибидан бутунлай чиқарилади ва захира таркибига ҳам киритилмайди. Бу ҳақда душанба, 24 ноябр куни кечқурун AFP агентлиги Исроил Бош штаби қарорига таяниб хабар берди.
Таъкидланишича, гап ЦАҲАЛнинг собиқ разведка бошлиғи Аарон Халива, оператив бошқарма собиқ раҳбари Одед Басюк ва ўша пайтда жанубий ҳарбий округ учун жавобгар бўлган генерал-майор Ярон Финкелман ҳақида кетмоқда. Финкелман ва Халива 2025 йил январ ойидаёқ 7 октябрда йўл қўйилган хато ва камчиликлар сабабли истеъфога чиққан эди. Басюк эса июн ойида Исроил ва Эрон ўртасидаги урушдан сўнг лавозимини тарк этган. Бундан ташқари, айни қарорга кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бошлиғи Томeр Барга нисбатан ҳам интизомий чоралар кўрилган. Яна тўққиз генерал ва юқори лавозимдаги офицерлар ҳам жавобгарликка тортилгани айтилган.
ЦАҲАЛ Бош штаби раҳбари лавозимини 2023 йил январидан эгаллаган Герци Ҳалеви армиянинг 7 октябрдаги омадсизлиги учун шахсий жавобгарликни ҳис қилганини баён қилиб, март ойида лавозимини тарк этди. Унинг ўрнини эгаллаган Эял Замир эса бу камчиликлар учун жавобгар бўлган қўмондонлар фаолиятини алоҳида-алоҳида баҳолаш ва қайта текширишни буюрди.
Юқори мартабали исроиллик ҳарбийларнинг ишдан бўшатилиши ва жазоланиши ноябр бошида армиянинг ҲАМАС ҳужуми арафасидаги ҳаракатларига бағишланган экспертлар ҳисоботи эълон қилинганидан сўнг юз берди. Ушбу ҳисоботда йиллар давомида қабул қилинган нотўғри қарорлар, жумладан 7 октябр кечаси қўшинларни жойлаштириш бўйича хатоликлар қаттиқ танқид қилинган, шунингдек ЦАҲАЛ қўмондонлик занжиридаги бузилишлар қораланган.
Хисоботда, хусусан, “стратегик ва оператив реаллик” билан армиянинг Ғазо секторидаги вазият ҳамда ҲАМАС жангчиларидан келиб чиққан эҳтимолий хатарни “қабул қилиши (тасаввури)” ўртасида “узилиш” бўлгани таъкидланади: Исроил ҳарбий разведкаси ишончли маълумотларга эга бўлганига қарамай, йирик ҳужум ҳақида ўз вақтида огоҳлантиришга қодир бўлмаган. Ишдан олишлардан олдин эса Бош штаб бошлиғининг Исроил фуқароларига йўллаган мурожаати эълон қилинган эди.
Шу билан бирга, 24 ноябр куни мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац экспертлар ҳисоботи “атрофлича текширилиши”ни эълон қилди. Исроил ОАВ маълумотларига кўра, у генераллар ва офицерларни ишдан олиш ҳамда жазолаш ҳақидаги қарорни матбуот орқали билган ва бунга қаттиқ ғазаб билан муносабат билдирган. Ўз навбатида Замир Кацнинг баёнотларидан ҳайратда эканини айтди. “Ҳисоботни шубҳа остига қўйиш ҳақидаги қарор тушунарсизлик уйғотади”, — дея қайд этилган унинг баёнотида. AFP агентлиги таъкидлашича, 2023 йил 7 октябр билан боғлиқ воқеаларни “тизимли равишда текшириш”ни талаб қилганидан кейин Кац ва Замир ўртасидаги муносабатлар айниқса таранглашган.
Евроиттифоқ ва АҚШда террористик ташкилот сифатида эътироф этилган ҲАМАС ҳаракатининг 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилган ҳужуми Яқин Шарқдаги можаро кескинлашувининг бошланиш нуқтаси бўлди. Ўшанда жангчилар Исроилга ракета зарбалари бериб, унинг ҳудудига кириб борди ва тахминан 1200 нафар тинч аҳолини ўлдирди. Шунингдек, тахминан 250 нафар гаровга олинган одамлар Ғазо секторига олиб кетилди. Кейинчалик уларнинг бир қисми алмашинув ёки озод қилиш орқали қайтарилди, бир қисми эса ҳалок бўлди.
Исроил бу ҳужумга жавобан ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Қуруқликдаги ҳарбий амалиётлар ва Ғазо секторига ҳаводан берилган зарбалар натижасида 67 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 169 мингдан зиёд киши яраланган.
Мавзуга оид
19:38 / 10.06.2026
“Йўл юриш қиммат ва хавфли” — Ғазо кўчаларидан репортаж
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
12:25 / 29.05.2026
Нетаняҳу ҳарбийларга Ғазодаги назоратни 70 фоизгача кенгайтиришни буюрди
20:01 / 27.05.2026