Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нетаняҳу ҳарбийларга Ғазодаги назоратни 70 фоизгача кенгайтиришни буюрди
Ғазода тажовузкорроқ ҳаракат қилиш – жорий йилнинг охирида қайта сайланиш учун оғир кураш олиб бораётган Нетаняҳуга исроилликларнинг диққатини нохуш хабарлардан чалғитишга ёрдам бериши мумкин.
Фото: Reuters
Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроил ҳарбийларига Ғазонинг кўпроқ қисмини эгаллашни буюрганини айтди. Исроил 2023 йилда Ҳамас ҳужумидан сўнг икки йиллик геноцид уруши давомида Ғазони деярли вайронага айлантирган ва унинг катта қисмини амалда назорат қилмоқда.
2025 йил октябрь ойида АҚШ воситачилигида тузилган, аммо Исроил ҳужумларини тўхтата олмаган сулҳ битимига кўра, Исроил қўшинлари ўз назорати чегарасини белгиловчи «Сариқ чизиқ» ортига чекиниши керак эди. Ҳарбий хариталарда белгиланган ушбу чизиқ Ғазонинг қарийб 53 фоизини Исроил назоратига қолдирган, қолган қисмини эса Ҳамас бошқараётган эди.

Reuters нашрининг ёзишича, Исроил Ғазо ерларида «сариқ чизиқ»ни белгиловчи бетон блокларни бир томонлама тартибда Ҳамас назоратидаги ҳудуд ичкарисига кўчирган. Ҳарбийлар томонидан март ойида эълон қилинган хариталар янада каттароқ чекланган зонани кўрсатмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу Ғазо умумий ҳудудининг қарийб 64 фоизини ўраб олади. Нетаняҳу ҳам ўзининг оммавий чиқишларида ҳарбийлар Ғазонинг 60 фоиздан кўпроғини назорат қилаётганини бир неча бор таъкидлаганди.
Босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги аҳоли пунктларидан бирида ўтказилган конференцияда нутқ сўзлаган Нетаняҳу Ғазонинг янада кўпроқ қисми эгалланишини айтди.
«Биз ҳозир ҳудуднинг 60 фоизидамиз. Биз элликда эдик. Олтмишга ўтдик». Залдаги тингловчилар Исроил ҳудуднинг 100 фоизини эгаллаши кераклигини ҳайқириб айтишганда, у бунга эътироз билдирди:
«Биринчи навбатда, етмиш Келинг, шундан бошлайлик. Биз уларни [Ҳамасни] ҳар томондан сиқиб боряпмиз. Қолдиқлар билан кейин шуғулланамиз», деган Исроил бош вазири.
NYT'нинг ёзишича, Ғазода тажовузкорроқ ҳаракат қилиш – жорий йилнинг охирида қайта сайланиш учун оғир кураш олиб бораётган Нетаняҳуга исроилликларнинг диққатини нохуш хабарлардан чалғитишга ёрдам бериши мумкин.
Хусусан, Ливандаги Исроил кучлари «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳужумларини, айниқса дронлар орқали амалга оширилаётган ҳужумларни тўхтатишга қийналмоқда. Қолаверса, кўплаб исроилликлар АҚШ-Эрон музокаралари улар учун «ёмон келишув» билан якунланишини кутмоқда.
Исроил сулҳга қарамай, Ғазода одамларни ўлдиряпти
Нетаняҳу Исроил томонидан Ғазо, Сурия ва Ливанда босиб олинган ҳудудларни – эҳтимолий ҳужумларнинг олдини олишга қодир «буфер зоналар» деб таърифлайди.
Фаластинликлар эса Исроилнинг Ғазодаги буфер зонани кенгайтиришини уларни бутунлай кўчириш стратегиясининг бир қисми сифатида кўрмоқда. Жумладан Исроилнинг юқори мартабали вазирлари бир неча бор Ғазодан «ихтиёрий миграция»ни рағбатлантиришни хоҳлашлари ҳақидаги баёнотлар берган.
Нетаняҳунинг янги босқинга доир кўрсатмаси Исроил Ғазодаги ҳужумларини кучайтирган бир вақтга тўғри келди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳужумлар Ҳамаснинг юқори мартабали раҳбарларига қаратилган. Сешанба куни Исроил Ҳамас ҳарбий қанотининг раҳбари ўлдирилганини айтди. Бу унинг ўтмишдоши ўлдирилганидан ўн кун ўтиб юз берди.

Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларининг билдиришича, чоршанба тунда Исроил томонидан берилган зарба оқибатида камида 10 киши, жумладан беш нафар бола ҳалок бўлган ва яна 18 киши яраланган. Исроил айни ушбу ҳужумда Ҳамас ҳарбий қаноти раҳбари ўлдирилганини айтди.
Ушбу зарба фаластинликлар Қурбон ҳайити байрамини нишонлаётган бир пайтда юз берди. Ғазодаги кўпчилик бу байрамни чодирлар ва вайрон бўлган биноларда бирга тўпланиб кутиб олаётган эди.
Соғлиқни сақлаш расмийларининг маълум қилишича, сулҳ эълон қилинганидан бери Исроил зарбалари оқибатида 900 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Исроил эса шу давр ичида Ғазода тўрт нафар аскари ўлдирилганини айтмоқда.
Ғазодан Исроил қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва Ҳамасни қуролсизлантиришни кўзда тутувчи АҚШнинг тинчлик режаси йўлидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.