Ўзбекистон | 14:58 / 25.11.2025
1997
2 дақиқада ўқилади

Оилавий шажарани онлайн кўриш имконини берувчи тизим жорий этилади

2026 йил 1 сентябрдан фуқароларнинг оилавий шажаралари бўйича маълумотларни онлайн тақдим этувчи “Шажара” ахборот тизими ишга туширилади. Тизим орқали тарихий архивлар ва ДНК маълумотларига таянган ҳолда оила шажарасини шакллантириш мумкин бўлади.

Фото: greengeeks.com

Президент фармонига кўра, 2026 йил 1 сентябрдан фуқароларнинг оилавий шажаралари бўйича маълумотларни онлайн тақдим этувчи “Шажара” ахборот тизими жорий этилади.

“Шажара” ахборот тизимида қуйидаги имкониятлар яратилади, жумладан:

“ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимидаги дастлабки маълумотлар, давлат архивлари ҳамда идоравий архивларда сақланаётган архив ҳужжатлари асосида оила шажараси бўйича маълумотларни шакллантириш хизматини кўрсатиш;
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг ДНК маълумотлари хизмати орқали фуқароларнинг этник келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни аниқлаш.

Оила шажарасини шакллантириш хизмати давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали қуйидаги даврлар бўйича кўрсатилади:

  • IX асрдан – 1917 йилгача;
  • 1918 йилдан – 1945 йилгача;
  • 1946 йилдан – ҳозирги кунга қадар.

Мазкур ташаббус фуқароларга ўз авлодлари тарихини чуқурроқ ўрганиш, оилавий шажарасини тартибли ва ишончи юқори манбалар асосида шакллантириш имкониятини яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид