Жаҳон | 13:00 / 26.11.2025
1359
2 дақиқада ўқилади

Германияда Украина халқи «Европа эркинлигини ҳимоя қилгани учун» мукофотланди

Германиянинг кичик ва ўрта бизнес ҳамда иқтисод бўйича иттифоқи (CDU/CSU блоки ҳузуридаги тузилма) йиллик мукофотини «Россия ҳужумига деярли тўрт йилдан бери қаршилик кўрсатаётган, Европанинг қадриятлари ва эркинлигини ҳимоя қилаётган Украина халқига» топширди.

Фридрих Мерц Фото: Fabian Sommer/dpa/picture alliance

Германия кичик ва ўрта бизнес ҳамда иқтисод иттифоқи (Mittelstands- und Wirtschaftsunion, MIT) ўзи таъсис этган йиллик мукофотини 11-бора топширди. Бирлашма сайтида қайд этилишича, жорий йилда «Сиёсат» тоифасидаги мукофот «Россия ҳужумига деярли тўрт йилдан бери қаршилик кўрсатаётган, Европанинг қадриятлари ва эркинлигини ҳимоя қилаётган Украина халқи»га берилди. Мукофот топшириш маросими сешанба, 25 ноябр куни Берлинда бўлиб ўтди.

Украина халқи учун рамзий статуэткани Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул маросимда Германиядаги Украина элчиси Алексей Макеевга топширди. «Украинага тааллуқли барча қарорлар фақат Украина ва Европа билан биргаликда қабул қилиниши лозим», — деди Вадефул нутқида.

Макеевга алоҳида равишда MIT томонидан юбилей муносабати билан совға ҳам топширилди: 25 ноябр куни украин дипломати 50 ёшга тўлди.

Мукофот топшириш маросимида ГФР канцлери Фридрих Мерц ҳам иштирок этди. У MIT’нинг махсус мукофотини Швеция қироличаси Силвияга топширди — «либерал қадриятларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий фаолияти, Швеция чегараларидан анча узоққа етиб борадиган ишлари учун».

MIT — Германияда ҳокимият тепасида турган коалицияни тузувчи консерватив Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) блоки ҳузуридаги ташкилот. Фридрих Мерц ҳам, Йоханн Вадефул ҳам ХДИ аъзоларидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид