Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Франция суди Николя Саркозига чиқарилган иккинчи ҳукмни тасдиқлади
Франция Кассация суди собиқ президентга 2012 йилги кампания харажатларини ошириб юборгани учун чиқарилган ҳукмнинг қонунийлигини тасдиқлади. Жазонинг ярим йили шартли, яна ярим йили эса муқобил чоралар билан алмаштирилиши мумкин.
Франция Кассация суди чоршанба, 26 ноябр куни собиқ президент Николя Саркозига нисбатан унинг 2012 йилдаги сайловолди кампаниясида ортиқча харажатлар бўйича чиқарилган ҳукмни кучда қолдирди. Суд унга тайинланган бир йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тасдиқлади. Шу тариқа ҳукм қонуний кучга кирди. Жазонинг олти ойи Саркози учун шартли ҳисобланади, қолган олти ой эса, масалан, электрон билакузук тақиш каби муқобил чоралар билан алмаштирилиши мумкин. Сиёсатчининг ўзи эса ҳамон ўзини айбсиз деб ҳисоблашини таъкидлаб келмоқда.
Кассация суди айбловнинг моҳиятини қайта кўриб чиқмайди, фақат жараёнда процессуал хатолар бор-йўқлигини текширади. Ишнинг марказида Саркози 2012 йилдаги кампанияси харажатлари туради. Ўшанда консерватив лагер вакили сифатида президентликка қайта сайланишга ҳаракат қилган Саркози қонун билан белгиланган 22,5 млн евролик лимитни деярли икки бараварга оширган. Bygmalion event-компанияси лимитдан ошган харажатларни яшириш учун Саркозининг партиясига сохта ҳисоб фактуралар тақдим қилган.
Саркозининг ўзига сохта ҳисоб фактуралар схемасини ўйлаб топиш айби қўйилмаган, лекин унга кампанияни ноқонуний молиялаштириш айби юкланган. Яқин кунларда у жазони қай тарзда ўташини аниқ билади. Унинг 70 ёшини инобатга олган ҳолда адвокатлари шартларни юмшатишга эришишга уриниши кутилмоқда. Кассация суди, шунингдек, апелляция берган яна уч нафар айбланувчи, жумладан Саркозининг сайловолди кампанияси раҳбарига ҳукмни ҳам ўзгаришсиз қолдирди.
Саркози ҳимояси Кассация суди қарорини “прецедентсиз” деб баҳолади. Адвокатлар апелляция инстанцияси суди Саркози ҳақиқатан ҳам харажатлар лимитидан ошиб кетилгани ёки бу қандай усуллар орқали яширилганидан хабардор бўлганини исботлай олмаганини эслатди.
Бу Франциянинг собиқ президентига нисбатан озодликдан маҳрум қилишга оид иккинчи ҳукм ҳисобланади. 2024 йил декабрида у судяни пора билан бўйсундиришга уриниш иши бўйича бир йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, жазони электрон билагузук тақиш орқали ўташи керак эди. Май ойида, уч ойдан сўнг, унинг ёши туфайли билагузук ечиб ташланган.
Жорий йил сентябрида Саркози Ливия маблағларининг сиёсий фаолиятига йўналтирилиши билан боғлиқ “жиноий уюшма тузиш” иши бўйича беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. У уч ҳафта қамоқда сақлангач, ноябр бошида муддатидан олдин озод қилинди. Унга оид апелляция иши 2026 йил баҳорига белгиланган, Саркози яна оқланишга эришиш ниятида.
10 декабр куни Саркозининг “Маҳбус кундалиги” номли китоби чоп этилади, у Париждаги Ля-Санте қамоқхонасида қисқа муддат бўлган даврига бағишланган. Уни ўнг-консерватив тадбиркор Венсан Боллорега тегишли Fayard нашриёти тайёрламоқда. Х ижтимоий тармоғида (собиқ Twitter) Саркози: “Қандай қилиб саҳро ички дунёни мустаҳкамласа, қамоқ ҳам ички бардошни кучайтиради”, деб ёзди. У 9 квадрат метрлик камерада доимий шовқин ва бир хилликка чидашига тўғри келганини сўзлаб берди.
Николя Саркози 2007 йилдан 2012 йилгача Франция президенти лавозимини эгаллаган. У жаҳон молиявий инқирозига қарши курашда муҳим рол ўйнаган. 2011 йилда Франция ўшандаги Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийга қарши қўзғолонни қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий интервенцияда қатнашган илк давлатлардан бирига айланган.
Ички сиёсатда эса, собиқ адвокат пенсия ёшини 60 ёшдан 62 ёшга кўтариш ислоҳотини амалга оширган ва миграция ҳамда ички хавфсизлик масалаларида қатъий курс тарафдори бўлган. Кўплаб суд ишларига қарамай, Саркози ҳозир ҳам ўнг сиёсий кучлар лагерида маслаҳатчи бўлиб қолмоқда.
Мавзуга оид
08:59 / 15.06.2026
Зеленский G7 саммитида Трамп билан учрашишини маълум қилди
20:32 / 13.06.2026
Ўзбекистонликлар учун Францияда мавсумий иш таклиф этилмоқда
10:08 / 11.06.2026
Ёнилғи нархлари ошиши Европада электромобилларга талабни кучайтирди
10:40 / 09.06.2026