Жаҳон | 18:48 / 27.11.2025
2121
2 дақиқада ўқилади

Япония Марказий Осиё билан биринчи саммитни ўтказишга тайёрланмоқда

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон 20 йил давомида Япония билан фақат вазирлар даражасидаги музокараларда иштирок этган. Энди ҳамкорлик даражаси кўтарилиши мумкин.

Фото: Getty images

Япония ҳукумати Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан биринчи саммитни ўтказишни режалаштирмоқда. Учрашув 2025 йил декабрь ойида Токиода бўлиб ўтиши мумкин, аммо аниқ саналар айтилмаган. Бу ҳақда Япония ҳукуматига таяниб NHK хабар берди.

Қайд этилишича, беш республика 20 йил давомида Япония билан вазирлар даражасидаги музокараларда иштирок этган.

Марказий Осиёнинг бешта давлати илгари Совет Иттифоқи таркибида бўлгани сабабли Россия билан яқин алоқаларни сақлаб қолмоқда. Хитой ҳам ушбу давлатлар билан ҳамкорликни кучайтирмоқда, дея таъкидлайди NHK.

Япония бош вазири Санаэ Такаичи бўлажак саммитдан бой ресурсларга эга давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш, қатор соҳаларда ҳамкорликни илгари суриш имконияти сифатида фойдаланишга умид қилмоқда.

«Марказий Осиё - Япония» мулоқотининг 20 йиллиги муносабати билан томонлар 2024 йил август ойида Қозоғистонда саммит ўтказишни режалаштирган эди, бироқ Японияда кучли зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришдан сўнг тадбир сўнгги лаҳзада бекор қилинди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид