Ўзбекистон | 15:29 / 28.11.2025
2307
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда илк бор Марказий Осиё олималари форуми ўтказилди

Тошкент шаҳрида биринчи марта “SheScience 2025: минтақавий тараққиётни илмий ва инновацион экотизимлар орқали қўллаб-қувватлаш” номли Марказий Осиё олималари форуми бўлиб ўтди. Тадбир якунларида минтақанинг илмий ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва олима аёллар иштирокига доир устувор вазифаларни белгилаган қўшма баёнот қабул қилинди.

Тошкентда илк бор ўтказилган SheScience 2025 Марказий Осиё олималари форуми минтақадаги илмий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, илм-фанда аёлларнинг ролини кучайтириш ва инновацион экотизимларни ривожлантиришга қаратилди.

Форумнинг асосий натижаси сифатида қўшма баёнот қабул қилинди. Унда:

Марказий Осиё мамлакатларининг илмий ва инновацион экотизимларини интеграциялаш;
илм-фан соҳасида олима аёллар иштирокини кенгайтириш;
турли йўналишларда қўшма тадқиқотларни ривожлантириш каби йўналишлар белгилаб берилди.

Қўшма баёнотда келажакдаги ҳамкорликнинг бешта асосий йўналиши назарда тутилган бўлиб, улар минтақанинг умумий муаммоларини самарали ҳал қилишга қаратилган барқарор илмий экотизимларни шакллантиришга хизмат қилади. Ҳужжат, шунингдек, форумни ҳар йили Марказий Осиё мамлакатларида навбатма-навбат ўтказиш учун асос яратади.

Форум иштирокчилари экологик хавфлар, рақамли трансформация ва сунъий интеллектни жорий этиш билан боғлиқ глобал муаммолар шароитида давлатлар ўртасида тизимли ҳамкорлик ва илмий мулоқотни кучайтириш зарурлигини қайд этдилар.

“SheScience 2025: минтақавий тараққиётни илмий ва инновацион экотизимлар орқали қўллаб-қувватлаш” форумида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Озарбойжондан 60 дан ортиқ олима ва тадқиқотчи аёллар иштирок этди.

Тадбир доирасида ёш олималарни қўллаб-қувватлаш, аёлларни инновациялар, технологиялар ва илм-фан соҳасидаги етакчи ролини ошириш, шунингдек, қўшма лойиҳалар ва грант дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид