Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Алишер Қаюмов Австралия генерал-губернаторига ишонч ёрлиқларини топширди
Ўзбекистоннинг қароргоҳи Сингапур шаҳрида жойлашган Австралиядаги элчиси Алишер Қаюмов Канберрадаги Government House резиденциясида Австралия Генерал-губернатори Саманта Мостинга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Фото: Дунё
Расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбатда сўнгги йилларда тобора ривожланиб бораётган Ўзбекистон–Австралия муносабатларининг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, илм-фан ва таълим, шунингдек, бошқа йўналишларда ўзаро алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Саманта Мостин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. У давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, халқаро бизнес учун қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида эришилган натижаларни алоҳида қайд этди.
Томонлар Австралия ва Ўзбекистон иқтисодиётлари ўртасидаги ўхшашликларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, пахтачилик ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги ўхшаш таркиб инновация, янги технологиялар ва қўшма инвестиция лойиҳалари йўналишида кенг ҳамкорлик имкониятларини яратаётгани таъкидланди.
Суҳбат чоғида Австралия генерал-губернатори яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО бош конференциясининг юқори даражада ташкил этилганини қайд этди. У австралиялик сайёҳлар учун Ўзбекистон тобора жозибадор туристик йўналишга айланаётганини таъкидлаб, тарихий мерос, маданий бойлик ва замонавий инфратузилма ўртасидаги уйғунликка эътибор қаратди.
Суҳбат якунида Саманта Мостин икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдириб, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига самимий тилакларини етказди.
Алишер Қаюмов Ўзбекистоннинг Сингапурдаги (2018–2024) ва Австралияда (2022–2024) ўриндошлик асосидаги элчиси (қароргоҳи Сингапурда) бўлиб ишлаган Қаҳрамон Шокиров ўрнига тайинланган. 2024 йил 30 апрел куни Алишер Қаюмов Сингапур президенти Тарман Шанмугаратнамга ҳам ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Мавзуга оид
13:22
Австралия бош вазири қурол бўйича қонунларни қатъийлаштирмоқчи
11:29
Сиднейда ўт очганлардан бирининг қуролини олиб қўйган киши қаҳрамонга айланди. Уни Трамп ҳам мақтади
09:49
Нетаняҳу: Австралия антисемитизмга қарши курашмаяпти
21:40 / 14.12.2025