Жамият | 12:50 / 29.11.2025
2255
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар, туристик масканлар ва мактабларда қўриқлаш кучайтирилади

Янги чора-тадбирлар доирасида маҳаллалар, туристик инфратузилма объектлари, оммавий дам олиш жойлари ва таълим муассасаларида қўриқлаш тизими босқичма-босқич кучайтирилади.

Фото: Kun.uz

Қарорга кўра, Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти этиб қайта ташкил этилди. Департамент:

  • шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектлар, таълим муассасалари, савдо, хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва қурилиш объектларини замонавий усуллар орқали қўриқлайди;
  • қўриқланаётган объектларда ички тартиб ва назорат режимларини таъминлайди;
  • қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этади;
  • қўриқланадиган объектларга ўрнатилган қўриқлаш техник воситалари ва тизимларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Криминоген вазияти оғир ҳудудлардаги маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари тузилмасига қўриқлаш хизмати инспектори лавозими киритилади. Шунингдек, шундай ҳудудларда, туристик инфратузилма объектларида ва оммавий дам олиш жойларида Қўриқлаш департаментининг қўриқлаш-патрул хизмати нарядлари ташкил этилади.

Қарорда “Хавфсиз таълим” концепцияси жорий этилиши ҳам назарда тутилган бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари, шунингдек хорижий таълим муассасалари филиалларини шартнома асосида жисмоний ва техник қўриқлаш тизимлари орқали ҳимоя қилиш;
  • таълим муассасаларида қўриқлаш сигнализациялари, “ташвиш тугмалари”, видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид