Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина бош музокарачиси – Андрей Ермаксиз ҳам Трамп режасини муҳокама қилишни давом эттирмоқда
Унинг ўзи Зеленскийдан хафа эмаслигини ва урушга отланганини айтган.
Фото: Julia Kochetova / Bloomberg / Getty Images
Украина расмийлари делегацияси Доналд Трампнинг Россия-Украина уруши якуни бўйича режасини муҳокама қилишни давом эттириш учун АҚШга учиб кетди.
Bloomberg манбаларига кўра, Киев делегацияси таркибидан Украина Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Рустем Умеров ва ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Сергей Кислица ўрин олган. Улар 30 ноябр куни Флорида штати Майами шаҳрида АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви, унинг собиқ маслаҳатчиси Жаред Кушнер билан учрашув ўтказади.
The Economist журналисти Оливер Кэрролл Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов ҳам йўл олгани, у шу кунларда Украина президенти офиси раҳбари лавозимидан олинган Андрей Ермак ўрнига Украина делегациясига раҳбарлик қилишини хабар қилганди. Аммо кейинроқ, у бу маълумотга аниқлик киритиб, Флоридага Будановнинг ўрнига унинг ўринбосари Вадим Скибицкий боришини ёзди. Axios нашри мухбири Барак Равид музокараларга Украина қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Андрей Гнатов ҳам қўшилишини қўшимча қилди.
Якунда, Украина президенти фармонига кўра, делегациянинг янги раҳбари Рустем Умеров бўлган. Музокарачилар гуруҳи таркибида Будановнинг ҳам, Скибицкий, Кислица ва Гнатовнинг ҳам номлари киритилган. Шунингдек, Украина президенти кабинети маслаҳатчиси Олександр Бевз, Украина ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Ивашченко, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Олександр Поклад ҳамда Украина Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари биринчи ўринбосари Евгений Острянский ҳам делегация таркибидан ўрин олган. Улардан айнан кимлар АҚШга учганига ойдинлик киритилмаган.
Музокаралар арафасида Украина энергетика секторидаги коррупция бўйича шов-шувли ишни тергов қилиш доирасида Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг уйи тинтув қилинди. Терговчилар Ермакка ҳеч қандай айблов қўйишмаган, бироқ орадан бир неча соат ўтгач, у истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзган. Володимир Зеленский ўзининг энг яқин сафдошини ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонни имзолади ва «президент девонида перезагрузка бўлиши»ни эълон қилди. «Мен Андрейга музокаралар трекида Украинанинг позицияси улар томонидан ҳар доим қандай бўлиши керак бўлса, шундай тақдим этилгани учун миннатдорман. Бу ҳар доим ватанпарварлик позицияси бўлган», – деди Зеленский кечки мурожаатида.
Андрей Ермакнинг истеъфодан кейинги илк изоҳи The New York Post газетасида эълон қилинди. У ўзига мурожаат қилган журналист Кейтлин Дорнбосга жавобида урушга кетмоқчи эканини ёзган.
«Мен фронтнинг олдинги чизиғига кетяпман ва ҳар қандай репрессияга тайёрман. Мен ҳалол ва виждонли одамман», — дея унинг сўзларини келтиради нашр. – 2022 йил 24 февралдан бери Киевда бўлишимга қарамай, мени шарманда қилишди ва қадр-қимматимни ҳимоя қилишмади. Шунинг учун мен Зеленскийга муаммо туғдирмоқчи эмасман: мен фронтга кетяпман. Шаънимга ёғдирилган ифлослик мени ғазаблантиради, ҳақиқатни биладиганлар томонидан қўллаб-қувватлов йўқлиги эса янада кўпроқ ғазаблантиради».
Кейинроқ Financial Times билан суҳбатда Ермак ўз истеъфоси учун Зеленскийдан хафа эмаслигини билдирди. «У бу ишимдан олдин ҳам дўстим эди ва мен уни бундан кейин ҳам ёдда тутаман», – деди Украина президенти офисининг собиқ раҳбари.
У Доналд Трампнинг тинчлик режаси бўйича ўзи иштирокидаги музокаралар натижаларини ҳам эслатган. «Менинг бошчилигимдаги Женевадаги делегация америкалик ҳамкорларимиз билан биргаликда 28 банддан иборат ҳужжат энди мавжуд эмаслигига эришди», – деди у, қайта кўриб чиқилган тинчлик режаси Киев манфаатларини ҳисобга олган ҳолда 19 бандга қисқартирилганини назарда тутиб.
«Келишилиши керак бўлган бир нечта мураккаб бандлар қолди ва менимча, буни амалга ошириш мумкин», – дея қўшимча қилди у. – Нима бўлганда ҳам, президент босимга қарамай, Украина манфаатларига зид бўлган ҳеч нарсани имзоламайди ва маъқулламайди».
Андрей Ермак истеъфога чиқишидан олдинроқ ҳам музокаралар борасида шундай деганди: Володимир Зеленский Украина президенти бўлиб қоларкан, ҳеч ким Киев Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни тан олади, деб умид қилмаслиги керак. Конституция бунга йўл қўймайди. Буни ҳеч ким қила олмайди, агар у Украина конституциясига ва Украина халқининг ўзига қарши бормоқчи бўлмаса.
Мавзуга оид
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025