Спорт | 22:55 / 01.12.2025
54384
2 дақиқада ўқилади

Суперкомпютер Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026 ғолиби бўлиш имкониятига баҳо берди

Opta суперкомпютери фикрига кўра, Ўзбекистоннинг имкониятлари жуда паст. Испания, Франция ва Англия – фаворитлар қаторида.

Фото: UFA

Opta Analyst статистик портали дунё терма жамоаларининг 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш имкониятларини баҳолади.

Opta суперкомпютери тақдим этган маълумотларга кўра, Испания миллий жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш имконияти энг юқори (17 фоиз).

Иккинчи ўринни Франция миллий жамоаси (14,1 фоиз) эгаллади. Учинчи ўринни суперкомпютер Англияга (11,8 фоиз) берди.

Эътиборлиси, жаҳон чемпионатининг аввалги ғолиби, яъни Аргентина миллий жамоасига Opta суперкомпютери рейтингнинг фақат 4-поғонасини (8,7 фоиз) берган.

Тарихда биринчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон миллий жамоаси имкониятлари жуда паст баҳоланган – атиги 0,2 фоиз. Бу Тунис, Шотландия, Жанубий Африка, Австралия ва Эрон имкониятлари билан тенг.

Умуман олганда ЖЧ-2026 иштирокчилари ярмидан кўпининг (26 таси) имкониятлари 1 фоиз ҳам эмас.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 баҳслари 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Мусобақага қуръа ташлаш маросими 5 декабрга режа қилинган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид