Германия – Парагвай 1:1
Голлар: Энсисо, 42 (0:1). Ҳаверц, 54 (1:1)
Пеналтилар серияси: Ҳаверц – (0:0)(дарвозабон). Маурисиу – (0:1). Киммиҳ – (1:1). Гомес – (1:2). Мусиала – (2:2). Галарса – (2:3). Волтемаде – (2:3)(дарвозабон). Санабрия – (2:3)(хато). Амири – (3:3). Балбуэна – (3:3)(дарвозабон). Та – (3:3)(хато). Канале – (3:4)
Германия: Нойер, Рюдигер (Тиау, 110), Та, Браун, Киммиҳ, Павлович (Антон, 79), Нмеча (Горецка, 46), Вирц (Амири, 110), Сане (Волтемаде, 88), Ҳаверц, Ундав (Мусиала, 63)
Парагвай: Ҳил, Канале, Гомес, Алонсо (Балбуэна, 120+2), Касерес (Охеда, 99), Кубас, Бобадиля (Санабрия, 99), Галарса, Алмирон (Веласкес, 91), Энсисо (Маурисиу, 57), Авалос (Кабалеро, 55)
Огоҳлантиришлар: Ҳаверц, 106. Мусиала, 115 – Кубас, 65. Галарса, 117
Жаҳон чемпионати плей-офф босқичидаги илк сенсация рўй берди. Германия миллий жамоаси Парагвай билан ўйинда ютқазиб қўйди ва муддатидан олдин уйга қайтадиган бўлди.
Юлиан Нагелсман Дениз Ундавни бошланғич таркибга киритиш орқали сюрприз тақдим этди. «Штутгарт» ҳужумчиси гуруҳ босқичида учта ўйинда ҳам захирадан туширилган, лекин жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб турганди. Аммо 1/16 финал ўйинида немислар ҳужумда Ундав – Кай Ҳаверц тандеми билан ҳаракатланди, Жамол Мусиала эса захира ўриндиғида қолдирилди.
Гуруҳ босқичида Кюрасао ва Кот-д`Ивуар билан ўйинларда 3 гол ва 2 голли узатма муаллифи бўлган Дениз бу ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ ҳисобни очиши мумкин эди. Аммо унинг бу сафарги зарбаси хато кетди ва бу Германиянинг биринчи бўлимдаги ягона вазияти бўлиб қолди. Парагвай бош мураббийи Густаво Алфаро кутилганидек «автобус» қўйди, жанубий америкаликлар тўпни рақибга топшириб, 11 киши бўлиб ҳимояланишди ва немисларни ўз жарима майдонига киритишмади.
41-дақиқада эса парагвайликларнинг кам сонли ҳужумларидан бири гол билан якунланди. Жамоа бурчак зарбасини ижро этганида Нойер тўпни мушт билан узоқлаштирди ва немислар қарши ҳужумга ўтиб кетиши мумкин эди, аммо Бобадиля тўпни олиб қўйди ва ўз жамоасининг тезкор қарши ҳужумини бошлаб берди, бу ҳужумни Энсисо бошда урилган гол билан якунлади.
Шусиз ҳам гол уришга қийналиб турган Германиянинг вазифаси янада оғирлашди, энди бир эмас, икки гол уриш талаб этиларди. Бу вақтда эса тажрибали футболчилар ҳам қўпол хатоларга йўл қўяётганди – Киммиҳнинг хатосидан кейин Нойер ўзини кўрсатмаганида, Парагвай муддатидан олдин 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилиши мумкин эди. Бундестим эса бу вақтга келиб бирор марта дарвоза соҳасига тўғри борган зарба йўлламаганди.











