Иқтисодиёт | 11:42 / 01.12.2025
2989
2 дақиқада ўқилади

Украина тадбиркорлари Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқиш билдирди

Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонасида U Win Business Club уюшмасига аъзо бўлган йирик тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиб, унда Лвив ва Украина ғарбий ҳудудларида фаолият юритаётган бизнес вакиллари Ўзбекистонга инвестиция киритиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдираётгани таъкидланди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” ААнинг хабар беришича, мулоқот Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонасида U Win Business Club уюшмаси аъзолари иштирокида бўлиб ўтди.

U Win Business Club — Украинанинг ғарбий ҳудудлари, жумладан Лвив, Волин, Ивано-Франкивск ва Тернопил вилоятларида фаолият юритаётган йирик тадбиркорларни бирлаштирган нуфузли жамият ҳисобланади.

Учрашувда мазкур жамиятга аъзо бизнес ва инвестиция соҳаси вакиллари икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистон бозорида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Хусусан, Три слони, Гора, Development West Group, Виденська кава, Маркквейн Украина, Biscotti, Citadel Inn, Shoco, Laluce, Daily Dose, Флорбест, TOPHIM, Budmall, Sollar Energy, Amway, Черноморка каби компанияларнинг раҳбарлари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этиб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга оид ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.

Ўзбекистон дипломатлари учрашув давомида украиналик тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, солиқ ва маъмурий енгилликлар, савдо-инвестицион, транспорт-логистика, консалтинг хизматлари, текстиль ҳамда ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Украиналик ишбилармонлар ўз навбатида маҳаллий компаниялар билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, Ўзбекистонга инвестиция киритиш юзасидан қатор амалий бизнес ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурди.

Тадбир якунида томонлар учрашувнинг муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бизнес учун янги йўналишларни излашга тайёрлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид