Жаҳон | 22:21 / 02.12.2025
5547
4 дақиқада ўқилади

Европа дипломатияси собиқ раҳбари Федерика Могерини қўлга олинди

У бўлажак дипломатларни ўқитиш дастури учун ажратилган пуллар билан боғлиқ фирибгарлик ишида фигурантга айланган.

Фото: Sebastian Christoph Gollnow / dpa / Scanpix / LETA

Европа дипломатияси собиқ раҳбари (Евроиттифоқ ташқи ишлар вазири) Федерика Могерини Белгияда фирибгарлик иши бўйича қўлга олинди, деб хабар берган маҳаллий Le Soir ва LʼEcho нашрлари ўз манбаларига таяниб. У ҳозирда сўроққача ҳибсда қолмоқда.

Мазкур иш 2021–2022 йилларда Европа Иттифоқи маблағларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ. Euractiv’нинг ёзишича, тергов Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) ва Европа коллежи (коллеж бўлажак европалик дипломатлар ва амалдорлар учун ўқув дастурларини таклиф қилади) ушбу масалада гумонланганидан сўнг бошланган. Могерини 2020 йил сентябр ойидан бери мазкур коллежда ректор бўлиб ишлайди.

Европа прокуратурасидагилар дипломатлар учун тўққиз ойлик ўқув дастури бўйича тендерда фирибгарлик бўйича «жиддий гумонлар» борлигини маълум қилган. Тендер EEAS томонидан ўтказилган, унда эса Европа коллежи ғолиб чиққанди. Терговчилар тендер доирасида «Европа коллежи ёки унинг вакиллари танлов мезонлари ҳақида олдиндан хабардор қилинганми ёки йўқлиги»ни аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Прокуратура иш доирасида «коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва касб сирини бузиш» ҳам суриштирилаётганини қайд этган.

Суриштирувнинг асосий предмети – Европа коллежи Брюггеда ўқиётган бўлажак дипломатлар яшайдиган бинони 3,2 миллион еврога сотиб олиши билан боғлиқ ҳолатлар, деб хабар берди Euractiv манбалари. Манбаларнинг сўзларига кўра, коллеж бинони 2022 йилда молиявий қийинчиликлар даврида харид қилган. Бу EEAS дастур талабалари турар жой билан таъминланиши кўзда тутилган тендерни эълон қилишидан бироз олдин содир бўлади. Коллеж тендерда ғолиб бўлгач, унга 654 минг евро миқдорида маблағ ажратилади.

Тергов доирасида Белгия ҳукумати тинтувлар сериясини ўтказди. Euractiv маълумотларига кўра, 2 декабр куни эрталаб Брюсселдаги Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) офисига, Европа коллежига, шунингдек, бир нечта хусусий уйларга полициячилар келган. Операция бошланишидан олдин Европа прокуратураси илтимосига кўра суд бир неча гумонланувчини дахлсизлик иммунитетидан маҳрум этган. Уларнинг исм-шарифлари ва лавозимлари келтирилмаган.

Иш бўйича жами уч нафар гумонланувчи қўлга олинди, деб хабар берди Белгия прокуратураси. Уларнинг исмлари расман эълон қилинмаган. Белгия нашлари маълумотларига кўра, Могеринидан ташқари, Европа ташқи алоқалар хизматининг собиқ бош котиби, италиялик дипломат Стефано Саннино ҳам ҳибсга олинган. Ҳозирда у Европа комиссиясининг Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Форс кўрфази бўйича бошқармаси бошлиғи ҳисобланади, шунингдек, Европа коллежи раҳбариятида ишлайди. Учинчи гумонланувчи ким экани номаълум.

Могерини 2014–2019 йилларда Жан-Клод Юнкер Еврокомиссия раиси бўлган даврда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимида ишлаган. Ундан олдинроқ Маттео Ренци ҳукуматида Италия ташқи ишлар вазири (2014 йил феврал – октябр) ва Италия парламентининг қуйи палатаси депутати (2008–2014) бўлган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид