Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қулликка ўрганиб қолган одам
Сизнинг қулликка муносабатингиз қандай? Айтайлик, яшаб турган ҳаётингиздан сизни узиб олишди ва асирдек яшашга мажбур қилишди. У ердан чиқиб кетолмайсиз, ишлашга маҳкумсиз, меҳнат қилмасангиз, оч қоласиз. Қанчалик даҳшат-а, бу гўё инсон ҳаётини ўғирлаш билан баробар. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор... Бугун “5 дақиқа”нинг 20-сонида сиз билан япон адиби Кобо Абэнинг “Қумдаги хотин” романи ҳақида гаплашамиз.
Асар қаҳрамони Ники Жунпей мактаб ўқитувчиси, ҳашаротлар ҳаётини ўрганишга қизиқади. Бир куни у ҳашарот излаб, даштдаги қумли ҳудудга йўл олади. Бу унга ижтимоий ҳаётдан вақтинча қочиш, эркин нафас олишдек туюлади. Аммо айнан шу саёҳат унинг бутун ҳаётини ўзгартириб юборувчи саргузаштга айланади.
Жунпей кечаси қумли қишлоқда тунаб қолади. Маҳаллий аҳоли уни чуқурликдаги хонадонга туширади ва шу ерда тунни ўтказишни таклиф қилишади. Эрта тонг уйғонганида ўзини қум барханлари ўртасидаги уйда кўради, нарвон олиб қўйилганди. Йигит қум тўлқинлари ичида, ўз ички қонунлари билан яшайдиган қишлоқ асирига айланади. У билан бирга ўша чуқурликдаги кулбада бир аёл – қумдаги хотин яшайди. У ҳар куни кечаси қумни уйидан тозалайди, чунки қум доим шамол билан кириб келади. Агар тозаланмаса, кулбани ҳам, қишлоқни ҳам қум босиб қолади.
У эркинликни севади
Йигит қум тозалашга мослашолмайди, чунки у эркин одам. Япон қоидаларини тан олмайди. Бироқ қаёқда, ўша қишлоқда сизнинг баландпарвоз эркинлигингиз ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Ўқитувчи аввалига исён қилади. Қумдан қочишга уринади. Қишлоқ аҳолисини айблайди, анъанавий қонунларини тушунишни ҳам истамайди. Йигит алоҳида шахс, у эркинликни севади. Хавфли ертўлада номаълум ва чиройли бўлмаган аёл билан бир умр қолиб кетишнинг ўзи азоб.
Қаҳрамон ҳар нафасида қочиб кетиш ҳақида ўйлайди. Бироқ бу орада қумдаги хотинга ёрдам беради, ўзи ҳам барханларда кўмилиб кетмаслик учун муттасил ишлайди. Улар эр-хотин бўлиб яшай бошлашади.
Қуллик – озодлик
Аста-секин Жунпейнинг ичкарисида ўзгаришлар бошланади. У хотиннинг сабр-бардоши, ҳаёт учун курашаётганини тушуниб етади. Уйни қумдан холи қилиш – бу аслида яшаш учун курашиш эканини фаҳмлайди. У қум тозалаш усулини такомиллаштиришни, ноқулай шароитда ҳам сув йиғишнинг янги йўлларини ўйлаб топади. Бу эса унинг ички кучи уйғониб, жамиятга мослашишнинг мажбурият эмас, маъно топиш эканини англашига сабаб бўлади. Аёл билан бирга режалар тузишади.
Шундай кун келадики, асар қаҳрамони афсонавий орзусига эришади – унга тепага чиқиш учун нарвон қолдирилади. Бироқ ҳомиласини йўқотган аёли шифохонага олиб кетилаётганида унинг кўзларига қарайди ва ҳаммасини англайди. У шу ертўлада қолиши керак, қумли қишлоқнинг қоидаларини қабул қилиши лозим. Чунки бир неча йил аввалги ўқитувчилик ҳаёти, ҳашаротшунослиги ҳам унга бахт бермаганди. Хуллас, у қум ташишда давом этади. Демак, ҳаммасига вақт керак.
Хулоса
Хўш, инсон жамиятнинг бир механизми сифатида яшаши керакми? Йўқ, ёзувчи Абэ жамиятга кўр-кўрона қўшилишни ҳам маъқулламайди. Инсон жамиятга мутлақ сингиб кетса – ўзини йўқотади, мутлақ узилса ҳам маъно йўқолади. Абэ шу икки чегарадаги мувозанатни излайди.
Асардаги қум – доимий ҳаракат, таҳдид, меҳнат, дегани. Бу япон маданиятига ўхшаш, бир киши ишламаса – барчага қийин бўлади. Бир киши қоидани бузса, тизимнинг ҳаммаси издан чиқади. Қумдаги хотин ва эркакнинг биргаликдаги кураши жамият фақат қонун ва анъана эмас, балки одамлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни ҳам кўрсатади. Асарнинг фожиаси ҳам, умиди ҳам мана шу икки қутб ўртасида яшайди.
Исомиддин Пўлатов