Жаҳон | 11:55
2239
4 дақиқада ўқилади

ҲАМАС қатор шартлар бажарилса, қурол ташлашга тайёрлигини билдирди

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати, жумладан, Исроил аскарларини Ғазо сектори ҳудудидан тўлиқ чиқариш шарти билан қурол ташлашга рози эканини маълум қилди, деб хабар берди ҳаракат етакчиси эксклавда.

Фото: Yousef Masoud/Keystone Press Agency/Global Look Press

Евроиттифоқ ва АҚШда террористик ташкилот сифатида тан oлинган ХАМАС ҳаракати қатор шартлар бажарилган тақдирда, жумладан, Исроил аскарларини Ғазо сектори ҳудудидан тўлиқ чиқариш шарти билан қурол ташлашга рози. Ҳаракатнинг эксклавдаги етакчиси Ҳалил ал-Хайянинг сўзларини якшанба, 7 декабр куни AFP агентлиги келтирди.

«(Бизнинг — таҳр.) қуролимиз мавжудлиги оккупация ва тажовуз билан изоҳланади. Агар оккупация тугаса, бу қурол давлат назоратига ўтади», — деди ал-Хайя.

Унинг маъмурияти AFP агентлиги сўровига жавобан аниқлик киритишича, ҳаракат етакчиси Исроил ҳарбийлари чиқарилган тақдирда ҲАМАС қуролни топшириши мумкин бўлган суверен Фаластин давлати тузилиши тарафдори.

ҲАМАС раҳбарияти, шунингдек, БМТ қўшинларини жойлаштириш вариантини ҳам қабул қилишини билдирди, бу қўшинлар отишмани тўхтатиш шартларига риоя этилишини назорат қилади ва чегараларни қўриқлайди, деб қўшимча қилди ал-Хайя. Шу тариқа у ҳаракатни қуролсизлантириш учун халқаро кучлар жойлаштириш ғоясини амалда рад этди.

AFP эслатишича, ҳозирга қадар ҲАМАС қурол топширишдан бош тортиб келган.

Ғазо бўйича музокаралар Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Исроилга ташрифи пайтида муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди.

Ўз навбатида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Мерц билан қўшма матбуот анжуманида Ғазода отишмани тўхтатиш режасининг иккинчи босқичига «яқин вақт ичида» ўтилиши кутилaётганини айтди.

«Биз яқин орада АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик режасининг биринчи босқичини якунлаймиз, деярли қисман мақсадга етдик», — дея таъкидлади Нетаняҳу. Унинг сўзларига кўра, декабр ойи охирида «иккинчи босқични амалга оширишни қандай таъминлаш мумкинлиги» ҳақида жуда муҳим суҳбатлар режалаштирилган.

Шу билан бирга, Нетаняҳу мустақил Фаластин давлати тузилишини рад этди. «Биз араб давлатлари билан кенгроқ тинчликка эришиш йўли мавжуд, деб ҳисоблаймиз, шунингдек, фаластинлик қўшниларимиз билан барқарор тинчликка етишиш йўли ҳам бор. Лекин биз ўз остонамизда фақат бизни йўқ қилишга бел боғлайдиган давлат тузмаймиз», — деди у.

Келгуси қадамлар ҳақида гапирар экан, Исроил бош вазири ҲАМАСни қуролсизлантириш тинчлик йўлидаги дастлабки шарт эканини таъкидлади. Унинг айтишича, отишмани тўхтатиш режасининг иккинчи босқичи биринчи босқичга қараганда анча мураккаб бўлади.

Исроил бош вазири шунингдек, Ғазо секторида яна бир гаровга олинганнинг жасади қолганини эслатди.

Евроиттифоқ ва АҚШда террористик ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ҳаракатининг 2023 йил 7 октябр куни Исроилга қилган ҳужуми Яқин Шарқдаги можаронинг навбатдаги кескинлашув нуқтаси бўлди. Ўшанда жангчилар Исроилга ракета зарбалари йўллади, унинг ҳудудига кириб борди ва тахминан 1200 кишини ўлдирди. Шунингдек, тахминан 250 нафар одамни гаровга олиб, уларни Ғазо секторига олиб кетди. Кейинчалик гаровдагиларнинг бир қисми алмаштирилди ёки озод этилди, бир қисми ҳалок бўлди.

Исроил бу ҳужумга жавоб тариқасида ҲАМАСга уруш эълон қилди. Қуролли амалиёт ва Ғазо секторига ҳаводан берилган зарбалар натижасида 70 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 169 мингдан ортиқ киши яраланган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид