Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Баракали ёмғирлар давомли бўлади
Узоқ кузатилган умидбахш ёғинлар ортидан минтақанинг катта қисми намгарчилик оқимлари таъсирида бўлади. Kun.uz'да об-ҳаво прогнози билан – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
Ўзбекистонга 70 фоиз ёғингарчиликларни асосан ғарбий ҳаво оқимлари тақдим этади. Бу ёғинлар эса Атлантика устида шаклланган Шимолий Атлантика циркуляцияси билан узвий боғлиқ.
Шимолий Атлантика ҳаво айланмасининг "манфий фазаси" шакллангудек бўлса, қўшни Туркманистон ва Эрон ҳудудларидан ҳудудимизга ёғинлар сериясини тақдим этувчи нам ҳаво оқимлари кириб келиши мумкин.
5 декабрдан сўнг Шимолий Атлантика океани манфий фазасининг ривожланиши сабаб, республиканинг аҳолиси зич бўлган ҳамда қишлоқ хўжалиги ер майдонлари кўп бўлган ҳудудларида жуда кўп миқдорда ёмғирлар ёғади, тоғларда эса ҳаддан ташқари кўп қор ёғиши кутилмоқда.
8 декабрдан 18 декабрга қадар тоғларда қарийб 140 мм га яқин ёғин тушиши мумкин. Айни тоғли ҳудудлар учун бу декабрда ёғиши керак бўлган меъёрий ёғингарчиликнинг 150фоизи, айрим тоғли ҳудудларда эса 180фоизини ташкил этади.
Кузги буғдой қишги тиним даврига кириб олиши учун етарли бўлган ёмғир сувлари тушиши прогноз қилинмоқда.
Декабрда республика бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан боғлиқ кутилмалар ҳозирча мавжуд эмас, ой илиқ ва жуда сернам ўтиши янада аниқ бўлмоқда.