Ўзбекистон | 10:05
473
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Боннда иқлим мажбуриятларини бажариш бўйича ютуқларини тақдим этди

Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтган Тараққиётни кўп томонлама кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи сессиясида Ўзбекистон делегацияси миллий иқлим мажбуриятларини амалга ошириш, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш борасидаги натижаларини тақдим этди.

13 июн куни Миллий иқлим маркази директори Фаррух Сатторов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтган Тараққиётни кўп томонлама кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи сессиясида иштирок этди.

Мазкур сессия БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси доирасидаги ёрдамчи органларнинг 64-сессияси таркибида ўтказилди. У Париж келишувининг муҳим механизмларидан бири бўлиб, мамлакатлар ўртасида миллий иқлим мажбуриятларини бажариш бўйича ахборот алмашинуви, шаффофликни таъминлаш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Йиғилишда Ўзбекистон томонидан миллий иқлим мажбуриятларини бажариш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг иқлим хавфларига чидамлилигини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ташаббуслар натижалари тақдим этилди.

Фаррух Сатторов ўз чиқишида Ўзбекистон Париж келишувининг кенгайтирилган шаффофлик тизими доирасидаги мажбуриятларига содиқ эканини таъкидлаб, иқлим ўзгариши Марказий Осиё учун жиддий хавфлар туғдираётганини қайд этди.

Шунингдек, янгиланган Миллий миқёсда белгиланган ҳисса (NDC) доирасида Ўзбекистон 2035 йилга қадар 2010 йил даражасига нисбатан ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олгани маълум қилинди.

Тадбирда мамлакатда амалга оширилаётган қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳалари натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларида «яшил» энергия улуши қарийб 30 фоизга етгани, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 50 фоиздан ошиши кутилмоқда.

Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш соҳасида эса сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳисобига ҳар йили қарийб 10 миллиард куб метр сув тежалаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон келгусида ҳам халқаро иқлим жараёнларида фаол иштирок этиш, ҳамкорликни кенгайтириш, иқлим молиялаштиришини жалб қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали Париж келишуви мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид