Ўзбекистон | 11:56 / 09.12.2025
1411
2 дақиқада ўқилади

Давлат фуқаролик хизматига қабулда янгича онлайн тизим жорий этилади

Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат фуқаролик хизматига қабул жараёнларини тўлиқ очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этишга хизмат қиладиган янги онлайн тизим – vacancy.gov.uz электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Фармонга кўра, давлат органларида мавжуд бўш давлат фуқаролик хизмати лавозимлари тўғрисидаги барча маълумотлар 2026 йил 1 мартдан эътиборан vacancy.gov.uz электрон платформасида эълон қилинади.

Фуқаролар ушбу платформада “иш қидирувчи” мақомида рўйхатдан ўтиб, ўзларига маъқул мутахассислик, лавозим тури ва иш ҳақига оид талабларни белгилаган ҳолда шахсий профилини тўлдириш имкониятига эга бўлади.

Vacancy.gov.uz орқали давлат хизматини эгаллаш учун:

  • платформадан рўйхатдан ўтган фуқаролар давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтиши лозим;
  • тест синовларини шахсни тасдиқлаш ва назорат қилишнинг махсус онлайн тизими орқали ёки Агентликнинг махсус жиҳозланган хоналарида топшириш мумкин бўлади;
  • тест натижалари 1 йилгача амал қилади ва шу муддат ичида фуқаролар платформадаги турли бўш лавозимларга даъвогарлик қилиши мумкин.

Шунингдек, танловнинг қўшимча босқичи сифатида соҳавий билимларни баҳолаш бўйича тест синовлари ҳам жорий этилади. Ушбу синовлар давлат органларининг буюртмаларига мувофиқ Агентлик ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан шартнома асосида ўтказилади.

Янги тизим давлат фуқаролик хизматига қабул жараёнида очиқлик ва рақобатни кучайтириш, ортиқча субъектив омилларни чеклаш ва энг муносиб номзодларни танлаб олишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид