Жамият | 10:22 / 12.12.2025
2408
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Telegram орқали синтетик наркотик сотиш ҳолати фош этилди

Пойтахтда Telegram мессенжери орқали синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан боғлиқ ҳолат аниқланиб, тезкор тадбир давомида бир нечта шахслар қўлга олинди. Шунингдек, дорихонада кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи фош этилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Учтепа туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро 225 гр “Алфа ПВП” синтетик наркотик моддаси билан қўлга олинди.

Сўнгра унинг 2005 йилда туғилган таниши ҳам 2 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси билан ушланди. Дастлабки сўровда мазкур дори воситаси Мирзо Улуғбек туманидаги дорихоналардан биридан сотиб олингани маълум бўлди.

Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонанинг норасмий сотувчиси 14 дона “Регапен” дори воситасини мижозга 1 млн 200 минг сўмга сотган вақтида ушланди. Шунингдек, дорихонанинг ёрдамчи омборхонасидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар сақловчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди. Жумладан: 20200 дона “Габатен”, 823 дона “Регапен”, 100 дона “Галара”, 4 дона “Торгабалин”.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид