Жаҳон | 10:17 / 15.12.2025
2264
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС ўз раҳбарларидан бири ҳалок бўлганини тасдиқлади

Исроил ҲАМАС учун қурол ишлаб чиқаришга масъул бўлган Раед Сааднинг ўлдирилиши жангчилар ҳужумига жавоб бўлганини билдирди, ўша ҳужум оқибатида Исроилнинг икки нафар аскари жабр кўрган.

Фото: Omar Al-Qattaa/AFP/Getty Images

Европа Иттифоқи, АҚШ ва кўплаб бошқа давлатлар томонидан террорчилик ташкилоти деб тан олинган гуруҳ — ҲАМАС Исроил зарбаси натижасида ўз раҳбарларидан бири, қурол ишлаб чиқаришга масъул Раед Саад ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда якшанба куни, 14 декабрда телевидение эфирида ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги раҳбари Халил ал-Хайя маълум қилди.

У ҲАМАСнинг қуролга эга бўлиши “қонуний ҳуқуқ” эканини таъкидлаб, Ғазо секторидаги сулҳ (ярашув)нинг кейинги босқичи бўйича ҳар қандай таклиф ана шу омилни ҳисобга олиши кераклигини айтди. “Биз бу ҳуқуқни ҳимоя қиладиган ва айни пайтда Фаластин давлатининг ташкил этилишини кафолатлайдиган барча таклифларга очиқмиз”, — деди ал-Хайя.

Шу билан бирга, ҲАМАСни қуролсизлантириш АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқда тинчлик йўлидаги режасидаги асосий талаблардан бири ҳисобланади.

Бир кун олдин Сааднинг ўлими ҳақида Исроил ҳукумати маълум қилиб, уни 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга қарши кенг кўламли ҳужумининг “меъморларидан бири” деб атаган. Баёнотда “террорчи Раед Саадни йўқ қилиш ҳақида буйруқ”ни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Исроил Кац бергани кўрсатилган. Улар бу ҲАМАС жангчилари Исроил армиясига қарши, унинг назоратидаги ҳудудда портловчи қурилмани ишга туширганига жавоб эканини айтган.

Бундан олдинроқ Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ғазо сектори жанубида “террорчилик инфратузилмасини йўқ қилиш бўйича операция” вақтида портловчи қурилмалар ишга тушиши оқибатида икки нафар захирадаги ҳарбий хизматчи енгил яраланганини билдирган.

ЦАҲАЛ маълумотига кўра, Саад ҲАМАСнинг қурол ишлаб чиқариш марказига раҳбарлик қилган, яъни гуруҳнинг ҳарбий салоҳиятини ривожлантириш унинг қўмондонлиги остида бўлган.

2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми Яқин Шарқдаги низонинг кескинлашиши учун бошланғич нуқта бўлди. Ўшанда жангчилар Исроилга ракета зарбасини бериб, унинг ҳудудига бостириб кирган ва тахминан 1200 кишини ўлдирган. Шунингдек, улар тахминан 250 нафар гаровга олинганларни тутиб, Ғазо секторига олиб кетган. Кейинчалик гаровга олинганларнинг бир қисми алмашинув ёки озод қилиш орқали қайтарилган, бир қисми эса ҳалок бўлган.

Исроил бунга жавобан ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Ғазо секторидаги қуруқлик амалиёти ва бомбардимонлар натижасида 70 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 169 мингдан кўпроғи яраланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид