Жаҳон | 13:21
610
4 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ гибрид ҳужумлар учун Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтирди

ЕИ Кенгаши Евроиттифоқ мамлакатларига қарши гибрид ҳужумлар учун жавобгар бўлган Россиянинг жисмоний шахслари ва ташкилотларига, шунингдек Россиянинг “соя флоти” билан боғлиқлиги бор шахслар ҳамда тузилмаларга нисбатан янги санкциялар жорий этилганини маълум қилди.

Фото: AP

ЕИ Кенгаши Евроиттифоқ мамлакатларига қарши гибрид ҳужумлар учун жавобгар бўлган Россиянинг жисмоний шахслари ва ташкилотларига нисбатан янги санкциялар жорий қилмоқда. Мазкур қарор 15 декабр, душанба куни эълон қилинди.

ЕИ Кенгашининг билдиришича, чоралар, жумладан, Россия ҳарбий разведкасининг 29155-бўлинмасига — РФ ҚҚ Бош штаби Бош бошқармаси (илгари ГРУ деб танилган) таркибидаги тузилмага — ҳамда Cadet Blizzard ҳакерлар гуруҳига қарши қаратилган. Улар Чехия ва Украинадаги киберҳужумлар ва гибрид операциялар ортида турган тузилмалар сифатида кўрсатилган.

Евроиттифоқ Кенгаши матбуот релизига кўра, санкциялар Кремл билан яқин алоқадор ёки унга тегишли ташқи сиёсат таҳлилчилари, таҳлилий марказлар ва университет ходимлари, шунингдек “россияпараст тарғиботни, Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги конспирологик назарияларни ёки антиукраин ва НАТОга қарши позицияларни илгари сураётган” деб ҳисобланган 12 нафар жисмоний шахсга нисбатан ҳам жорий этилган. Матбуот релизида уларнинг айримлари Ғарбий Европанинг собиқ ҳарбий хизматчилари ёки полиция ходимлари экани қайд этилган.

Маълум қилинишича, 2022–2023 йилларда Cadet Blizzard Чехия Республикасида муҳим аҳамиятга эга инфратузилманинг бир элементига ҳужум қилган. Ҳужум мазмуни тизимларга рухсатсиз кириш ва ҳужумга учраган ташкилот тармоғи ичида ҳаракатланишдан иборат бўлиб, натижада разведка учун қимматли бўлиши мумкин бўлган маълумот ўғирланган. Бироқ мавжуд маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса туфайли аҳоли хавфсизлигига таҳдид юзага келмаган.

Бир неча кун олдин Германия ҳукумати Россияни 2024 йилда ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимига қилинган киберҳужумда ва 2025 йил февралдаги Бундестагга муддатидан олдин сайловлар олдидан дезинформация кампаниясида айблаган эди. Берлин маълумотига кўра, бу ҳаракатлар ортида ГРУ турган.

Шу куни ЕИ Россиянинг “соя флоти” билан боғлиқлиги учун жисмоний шахслар ва ташкилотларга қарши ҳам янги санкциялар жорий этди. Улар доирасида рўйхатга яна 5 нафар жисмоний шахс ва 4 та ташкилот киритилган. Рўйхатга “Роснефть” ва “Лукойл” каби йирик Россия давлат нефт компаниялари билан тўғридан тўғри ёки билвосита боғлиқ бўлган бизнесменлар ҳам қўшилган.

ЕИ Кенгаши матбуот релизида шундай дейилади: “Улар Россия келиб чиқишига эга хом нефт ёки нефт маҳсулотларини, ёхуд Россиядан экспорт қилинаётган нефтни ташувчи кемаларни назорат қилади, нефтнинг ҳақиқий келиб чиқишини яширади ва денгиз ташишида йўл-йўриққа тўғри келмайдиган ҳамда юқори хавфли амалиётларни қўллайди”.

Янги жазо чоралари Бирлашган Араб Амирликлари, Ветнам ва Россияда жойлашган, санкция остида бўлган “соя” танкерларига эгалик қилувчи ёки уларни бошқарувчи денгиз компанияларига ҳам тааллуқли.

Ҳужжатда қайд этилишича, санкциялар активларни музлатиш, молиявий операцияларни амалга оширишни тақиқлаш, шунингдек ЕИ мамлакатларига киришни (ҳатто транзит тарзида ҳам) тақиқлаш каби чораларни ўз ичига олади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид