Жамият | 13:53
503
3 дақиқада ўқилади

Омбудсман аралашуви: маҳкум ва маҳбусларга тиббий ёрдам ташкил этилди

Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар Омбудсманга мониторинг ташрифлари ва “Омбудсман қути”лари орқали тўғридан тўғри мурожаат қилмоқда. Келиб тушган мурожаатлар асосида айрим ҳолатларда тиббий ёрдамни тезкор ташкил этиш чоралари кўрилди.

Фото: Омбудсман

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати маълум қилишича, маҳкум ва маҳбуслардан ташқари уларнинг яқинлари ҳамда адвокатларидан ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда.

Жиззах: 29-сон манзил-колониядаги ҳолат

Жиззах вилоятидаги 29-сон манзил-колонияда оғир аҳволдаги маҳкум М.Б.га шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақида мурожаат келиб тушган. Маълум бўлишича, маҳкум икки кун давомида юқори ҳарорат ва иситма билан бир неча тиббиёт муассасаларига олиб борилган бўлса-да, бир муассасада тўлов ёки йўлланма талаб қилинган, бошқасида эса “ўпка шифокори йўқ” деган сабаб билан қабул қилинмаган. Унга “чап ўпка абцесси, икки томонлама пастки бўлак пневмонияси” ташхиси қўйилган.

Ҳолат Омбудсман назоратига олиниб, Жиззах вилоятидаги минтақавий вакил томонидан маҳкум зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига олиб борилган. Зарур таҳлиллар ўтказилиб, бемор стационар даволашга ётқизилган. Даволанишдан сўнг колонияга қайтгач ҳам керакли дори воситалари маъмурият томонидан таъминлангани қайд этилган.

Жиззах: вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги мурожаат

Жиззах шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган Ю.Ю.нинг ҳимоячиси унинг соғлиғи оғир экани ва жарроҳлик амалиёти учун 23-сонли маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонага этап қилинишида ёрдам сўраган. Омбудсман талабномасидан сўнг маҳбус тиббиёт ходими ва махсус тиббий автомобилда этап қилинган.

Наманган: ҳомиладор аёлга тиббий кўрик

Наманган вилоятидаги 6-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 5 ойлик ҳомиласи бор аёл З.М. тиббий ёрдамга муҳтожлиги бўйича мурожаат қилган. Мурожаат асосида гинеколог шифокор чақирилиб, аёлнинг тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланган.

Сирдарё: сайёр қабулдаги мурожаатлар

Сирдарё вилоятидаги 40-сон манзил-колониясида сайёр қабул чоғида икки нафар маҳкум соғлиғидан шикоят қилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан бири шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, қонунчиликка кўра фуқаролар (шу жумладан, жазони ижро этиш муассасаларидаги шахслар) шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Омбудсман ахборот хизмати бундай мурожаатлар бўйича чоралар кўриш давом эттирилишини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид