Соғлом ҳаёт | 09:20
876
3 дақиқада ўқилади

Саратонга қарши курашнинг янги босқичи: миллий дастур жорий этилади

Ўзбекистонда онкологик ва гематологик касалликларни эрта аниқлаш, даволаш самарадорлигини ошириш ҳамда паллиатив ёрдам тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади. 2027 йилдан бошлаб саратонга қарши курашиш бўйича Миллий дастур босқичма-босқич жорий этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев онкологик ва гематологик тиббий ёрдам, шунингдек паллиатив хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда саратон касалликларининг олдини олиш, уларни эрта босқичда аниқлаш ва халқаро стандартлар асосида даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Режага кўра, аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган онкологик касалликлар бўйича мақсадли скрининг текширувлари билан қамров камида 60 фоизга етказилади. Шунингдек, саратон ташхиси қўйилган беморлар орасида 5 йиллик яшаш кўрсаткичини амалдаги 35 фоиздан 45 фоизгача ошириш мақсад қилинган.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун 2027 йилдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши курашиш миллий дастури ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.

Дастур доирасида бирламчи тиббий-санитария муассасалари ходимларининг онкологик ҳушёрлигини ошириш, уларни касалликларнинг дастлабки белгилари бўйича қайта тайёрлаш ва беморларни ўз вақтида ихтисослаштирилган муассасаларга йўналтириш тизими кучайтирилади.

Шунингдек, халқаро тавсиялар асосида янги клиник қўлланмалар қабул қилиниб, онкология соҳасида мультидисциплинар ёндашув жорий этилади. Бу эса беморга бир вақтнинг ўзида бир нечта мутахассис иштирокида ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради.

Тақдимотда паллиатив ва хоспис ёрдамини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2030 йилга қадар аҳолининг бундай хизматлар билан қамровини 80 фоизгача етказиш режалаштирилган.

2026 йил 1 сентябрдан республикада паллиатив ва хоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими жорий этилади. Бунда тиббий ва ижтимоий хизматлар интеграция қилиниб, беморларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Шунингдек, мобил паллиатив бригадалар ташкил этилиб, оғир беморларга уй шароитида тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Барча ҳудудларда босқичма-босқич хоспис муассасалари ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Тақдимот якунида давлат раҳбари онкологик ва гематологик ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, замонавий ташхислаш ва даволаш технологияларини кенг жорий этиш ҳамда белгиланган вазифаларнинг сифатли ижросини таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид