Жаҳон | 10:17 / 17.12.2025
1776
3 дақиқада ўқилади

Венгрия ЕИнинг кенгайиш бўйича йиллик баёнотини блоклади

Евроиттифоқ Венгрия сабабли номзод давлатларнинг тараққиёти ҳақидаги йиллик баёнотни қабул қила олмади: Будапешт Украина аъзолигига қарши. Германия вазири Венгрия ветосини танқид қилди.

Фото: Getty Imagеs

Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши бўлган Венгрия ЕИнинг унинг кенгайиш жараёни ҳақидаги йиллик баёнотини блоклади. Дания — ҳозирда ЕИ раиси ҳисобланган давлат сешанба, 16 декабр куни Брюсселдаги маслаҳатлашувларда маълум қилишича, бош вазир Виктор Орбан ҳукумати Украинанинг евроинтеграция йўлидаги саъй-ҳаракатларига берилган ижобий баҳони қўллаб-қувватламаган.

Евроиттифоқнинг бошқа давлатлари Украина Брюссел талабларини бажаришда илгарилашга эришганини тасдиқлади, деди Даниянинг Европа ишлари бўйича вазири Мари Берре. “26 аъзо давлат Украинага кучли қўллаб-қувватловни намоён этмоқда, Украина эса ваъдаларини бажармоқда”, — дея dpa агентлиги Берренинг сўзларини келтиради. Унинг айтишича, баёнот лойиҳасида Украинага оид иборалар адолатли ва мутаносиб бўлган.

Германиянинг Европа ишлари бўйича вазири Гюнтер Крихбаум Венгрия ҳаракатларини “тобора вайронкор” деб атади ва Будапешт ҳукуматини ЕИ қарорларига тўсқинлик қилишда айблади.

Венгрия ветоси Украина ҳали ҳам ЕИга қўшилиш бўйича расмий музокараларни бошлай олмаслигини англатади. Шу билан бирга, Украина аъзолиги шартлари бўйича норасмий маслаҳатлашувлар кетмоқда, деди Мари Берре. “Украинага аниқ кўрсатмалар бериляпти, яъни у ислоҳотларни қай тарзда амалга ошириши, нималарга эришиши, кўпчилик аъзо давлатлар бу мамлакатдан қайси натижаларни кутаётгани тушунтириляпти”, — дея изоҳлади Дания вазири. У Венгрия ветосини бекор қилса, Киев жуда тез суръатда илгарилаши мумкинлигига ишонч билдирди.

Украинага берилган баҳодан ташқари, ЕИнинг кенгайиш жараёни ҳақидаги баёноти олти Болқон мамлакати, шунингдек Туркия, Молдова ва Гуржистоннинг илгарилашига оид баҳолашни ҳам ўз ичига олган. Европа комиссиясининг сўнгги таҳлилига кўра, ЕИга қўшилиш жараёнида энг олдинга чиққан давлат — Черногория. Мамлакат ислоҳотлар суръатини ҳозирги даражада сақлаб қолса, 2026 йил охирига қадар аъзолик музокараларини якунлаши мумкин, деб ҳисобланади. Албания учун эса аъзолик музокараларини 2027 йил охиригача тугатиш эҳтимоли бор, деб баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид