Жаҳон | 09:11 / 18.12.2025
2106
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси рекорд даражадаги мудофаа бюджетини қабул қилди

АҚШ Сенати мамлакатнинг 901 млрд долларлик мудофаа бюджети лойиҳасини мутлақ кўпчилик овоз билан маъқуллади. Ҳужжат Доналд Трамп имзолаши учун тақдим этилади.

Фото: REUTERS

АҚШнинг 2026 молия йили учун мудофаа бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси (National Defense Authorization Act, NDAA) Конгресс томонидан қабул қилинди. У рекорд миқдорда — 901 млрд доллар (тахминан 770 млрд евро) — ҳарбий харажатларни назарда тутади. Сенатдаги овоз беришда, чоршанба куни, 17 декабрда, юқори палата қонун чиқарувчиларининг 77 нафари NDAA'ни қўллаб-қувватлади, 20 нафари қарши овоз берди.

Вакиллар палатаси бу ҳужжатни ўтган ҳафта маъқуллаган эди. Қонун кучга кириши учун эндиликда уни АҚШ президенти имзолаши керак. Оқ уй маълум қилишича, Доналд Трамп буни амалга ошириш ниятида. 2025 молия йилида — 30 сентябрда якунланган — АҚШ ҳарбий бюджети 884 млрд доллар бўлган.

Ҳужжат, жумладан, ҳарбий хизматчилар маошини 3,8 фоизга оширишни, ҳарбий техника харидларини ва АҚШнинг асосий рақиблари — Хитой ва Россияга нисбатан рақобатбардошлигини кучайтиришга қаратилган чораларни кўзда тутади.

Бошқа жиҳатлар қаторида, NDAA Европа хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир нечта нормаларни ўз ичига олади, бу эса Трамп ой бошида тақдим этган АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясига зид келади. Умуман олганда, мудофаа бюджети учун 901 млрд долларлик сумма президент сўраган миқдордан юқори.

Оқ уй раҳбари 2026 йил учун ҳарбий харажатларга 892,6 млрд доллар ажратишни сўраган эди. Сенат аввалроқ бу миқдорни 925 млрд долларгача оширишни таклиф қилган, Вакиллар палатаси эса Трамп таклиф этган суммага тенг миқдорни илгари сурган.

Ҳужжатда Украина қўллаб-қувватланишига алоҳида урғу берилган. Қонун Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (Ukraine Security Assistance Initiative, USAI) доирасида 800 млн доллар ажратишни назарда тутади — кейинги икки йил давомида ҳар йили 400 млн доллардан. Бу маблағлар Америка компаниялари орқали Украина Қуролли кучлари учун қурол харид қилишга йўналтирилади.

Яна 175 млн доллар Болтиқ давлатлари — Эстония, Латвия ва Литванинг мудофаасига ажратилади. Бундан ташқари, қонун АҚШ Мудофаа вазирлигининг Европадаги америкалик қўшинлар сонини 76 000 нафардан пастга тушириш имкониятларини чеклайди. Европадаги америкалик қўмондонга НАТОнинг Олий бош қўмондони лавозимидан воз кечиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасида Трамп таклиф қилган АҚШ Мудофаа вазирлигини “Уруш вазирлиги” деб қайта номлаш масаласи тилга олинмаган. Гарчи АҚШ маъмурияти бу атамани аллақачон ишлатаётган, мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса ўзини “уруш масалалари бўйича давлат котиби” деб атаётган бўлса-да, расмий ўзгариш Конгресс томонидан тасдиқланиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид