Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вайроналардан тикланган ГЕРМАНИЯ | SUBYEKTIV (1-қисм)
Миллионлаган дунё муҳожирларини бағрига сиғдираётган Германия, дунёнинг учинчи иқтисодиёти ва энг кўп сўралган мавзу. Урушдан енгилган бу давлат қандай қилиб қисқа вақтда ҳаётини ўнглаб олди-ю, ғолиб совет иттифоқи парчаланиб кетди? Биз давлат ва фуқаро сифатида Олмониянинг қайси ижобий жиҳатларини ўзлаштиришимиз ва тарихнинг қандай хатоларидан хулоса чиқаришимиз керак? Берлин, Франкфурт, Мюнхен каби йирик шаҳарларга бориб ўрганилган таҳлиллар... SUBYEKTIV бу сафар Германияда. Бу саёҳат ҳақидаги кўрсатув эмас, балки реал воқеликларга асосланган икки қисмли ҳужжатли фильм.
УМИДСИЗ ГЕРМАНИЯ
Иккинчи жаҳон урушидан кейин бутунлай вайрон бўлган мамлакат. 60 миллиондан ортиқ аҳоли ишсиз, уларнинг ҳар учинчиси уйсиз ва келажакка ишончсиз. Одамларда Германия келажагига катта шубҳа бор эди. Бу давлат қисқа вақтда ўз иқтисодий мўъжизасини яратиб, дунёнинг учинчи бой давлатига айланишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтиролмасди. Ўша пайтлар эгасиз қолган, ўз тақдирини ўзи ҳал қила олмайдиган Германиянинг кейинги ҳукми бошқалар ихтиёрида қолди.
Потсдам. Дунёнинг янги геосиёсий ҳаёти Берлиндан унча узоқ бўлмаган бу мўъжаз шаҳардаги биргина келишув ортидан ўзгариб кетди. Уруш тугаганидан икки ой ўтиб, ғолиб иттифоқчилар Европанинг кейинги ярим асрлик тарихини белгилашди. Собиқ Иттифоқ, АҚШ ва Буюк Британия давлат раҳбарлари қатнашган Потсдам конференциясида Германия ва Берлин шаҳри тўртта ҳудудга бўлиб олинди.

Шу билан Потсдам битими Германия устидан ғалабадан кейинги Европа харитасини қайта чизган, бир вақтнинг ўзида “совуқ уруш” бошланишининг рамзига айланган келишув ҳам эди. Кейинчалик АҚШ, Буюк Британия, Франция секторлари бирлашиб, улардан Федерал Германия Республикаси, собиқ иттифоқ қўлловидаги Шарқий давлатдан Германия Демократик Республикаси ташкил топди.
Урушдан кейин ҳар икки тарафда заводлар вайрон, инфляция юқори, ишсизлик кучли, озиқ-овқат танқис, иқтисодий тизим издан чиққан. Ғарбда АҚШ молиявий қўлловидаги Маршалл ёрдами билан бозор иқтисодиётига ўтилди. Хусусий мулк ва рақобат юзага келди, технологик инвестициялар ва экспортга йўналтирилган саноат йўлга қўйилди.

Совет модели остидаги Шарқий Германияда эса давлат Москванинг қош-қовоғига қараган режали иқтисодда қолди. Инновация паст, меҳнатга лаёқатли аҳоли – врачлар, муҳандис, олим, малакали ишчилар Ғарбга қочишга тушишди. Булар ҳам камдек, 1950 йилда қўрқинчли,худди КГБдек Штази хизмати ташкил топди. Шарқий Германиянинг қора сояси сифатида эсланадиган бу махфий полиция қисқа вақт ичида Европадаги энг даҳшатли махсус хизматга айланди. Унинг вазифаси ўз халқига шубҳа кўзи билан қараш, ҳар бир нафасни назорат қилиш, инсонларни бир-бирига қарши қайрашдан иборат эди.

Ҳатто, Дрезден архивида Россиянинг бугунги президенти Владимир Путин расми ва исм-шарифи туширилган Штази гувоҳномаси ҳам топилган. Бу маълумот 2018 йилларда жаҳон матбуотида кенг ёйилган.

Путин 80-йилларда ГДРнинг Дрезден шаҳрида СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) офицери сифатида фаолият юритган. Ўша пайтларда КГБ ва Штази Ғарбий Германия билан НАТОга қарши разведка, агентлар жалб қилиш, ахборот йиғиш ишларини биргаликда олиб боришган. Путин ҳам бу жараёнда иштирок этгани очиқ манбаларда келтирилади. Гувоҳнома унга Дрездендаги Штази идораларига эркин кириш ҳуқуқини берган.
БЕРЛИННИНГ ИККИГА БЎЛИНИБ КЕТИШИ
1961 йил, август ойининг ҳеч нарсадан хабарсиз яна бир кечаси. Одамлар одатдагидек тун уйқусида. Ўша оқшом Берлин кўчаларида минглаб ҳарбийлар шовқинсиз, огоҳлантиришсиз, темир симлар тортишни бошлади. Бетон блоклар билан шаҳарни иккига бўлиб қўйишди.

Берлин девори одамларга шунчаки тўсиқ бўлган эмас. У билан миллат, оила, иш, ҳаёт, орзу, йўл, ҳатто метро поездларининг бекатлари ҳам бўлинди. Ўша кечадан бошлаб ҳар бир хонадонда иккига бўлинган тарих ёзила бошлади.

Девор шарқликларнинг орзу-мақсадларига жисмоний тўсиқ бўла олди холос. Улар томонидан ҳар куни ФРГга қочиш режалари тузиларди. Энг пухталаридан энг аҳмоқоналаригача синаб кўриларди. Омади келганлар уддасидан чиқарди. Эплолмаганлар ё отиларди, ёки қўлга тушганларни хоин сифатидаги даҳшатли қийноқлар кутарди.

Икки Германия ўртасидаги фарқлар фақатгина саноатлашув, аҳоли даромади ва фикрлашида эмас, ҳаттоки шаҳарнинг икки хил ёритилишидан ҳам ажралиб турган. NASA’нинг 2012 йили космосдан олган суратларида Шарқий Берлин сариқ ва Ғарбий Берлин оқиш чироқлардан фойдалангани яққол кўринади.

Ғарбда одамлар Mercedes, BMW, Volkswagen каби машиналарни танлаб минаётган бир вақтда, Шарқий Германия аҳолиси картонга ўхшаган, мотоцикл моторли, жуда баланд овоз ва аччиқ тутун чиқарадиган Трабант автомашинасини минишарди. Уни машина эмас, катта оилавий мотоцикл деб ҳазил таърифлашган.

Унинг ягона афзаллиги арзонлигида бўлган. Ҳа, у қиммат бўлмаган. Оддий ГДРлик ишчи Трабантни сотиб ололган. Аммо муаммо унга бўлган навбатда эди. Траббига тўлов қилган харидор навбатини 10 йиллаб кутган. Боласи чақалоқлигида тўлов қилганлар фарзанди 2-3-синфга етганда машинали бўлишарди.
БЕРЛИН ДЕВОРИНИНГ ҚУЛАШИ
1989 йил 9 ноябрь. 28 йил олдин абадий деб қурилган Берлин девори жуда кулгили ва кутилмаган сабаб билан бузиладиган кун.Шарқий Германияда одамлар ишсизликдан, цензурадан, эркинлик йўқлигидан чарчаган. Ҳар куни юзлаб шарқий немислар Венгрия ёки Чехословакия орқали Ғарбга қочишарди. СССРда ҳам иқтисодий таназзул, озиқ-овқат инқирози, давлат харaжатларининг кўпайиши кузатилаётган давр. Яъни Собиқ иттифоқ парчаланиб кетиш арафасида ўзи билан ўзи овора. Ўша куни кечқурун Берлин деворининг тақдирини ҳал қилган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

ГДР Марказий Қўмитасининг матбуот котиби Шабовский қатнашган йиғилишда унинг олдига янги фармон матнини беришади. Фармонда Шарқий Германия фуқаролари энди маълум тартибда Ғарбга чиқиш учун мурожаат қилиши мумкинлиги ёзилган эди. Шабовский ҳали ўзи танишиб чиқмаган ҳужжатни қисқагина эълон қилади. Журналистлардан бири бу янги қоидалар қачондан кучга киришини сўрайди. Шабовский эса тасодифан: “Тушунишимча, ҳозироқ, кечиктирмасдан”, деб тарихни ўзгартирадиган жавобни беради.
Бу воқелик телевизион эфирда жонли узатилди. Одамлар: “Демак, девор очилди!” деб тушунишди ва минглаб шарқий берлинликлар тунги соат 10 ларда 28 йиллик айрилиқ деворига қараб югуришди. Чегарада аскарлар ҳам уларга тўсқинлик қилмади. Чунки уларга ҳам юқоридан ҳеч қандай буйруқ берилмаганди. Чегарачилар нима қилишни билмай, шлагбаумни очиб беришди. Бир кунда қурилган девор ҳеч қандай урушсиз, бир оғиз айтилган сиёсий хато ва халқнинг иродаси билан яна бир кунда бузилиб, икки Германия ягона давлатга айланди. Бундан ҳеч қанча вақт ўтмай, ГДР ҳам, Штази ҳам тугатилиб, ФРГ Конституциясидаги бирлашув амалга ошди.

ДУНЁДА ЯГОНА АВТОБАНЛАР
Германияга келиб, автобанлар, яъни биз билган автомагистраллар ҳақида гапирмаслик энг катта хато бўлади. Немис автобанларининг одатий магистраллардан фарқи унинг тезлик чекловлари йўқлигида! Автобанлар юқори юкламага мосланган, икки ва уч қатламли мустаҳкамликка эга, қиш-ёз ҳароратларига чидамли. Улар шунчалик кўпки, жами магистралларни бир чизиққа қўйсак, узунлиги Германия чегараларини 3,5 марта айланиб чиқишга ёки Ер шари экваторининг 1/3 қисмигача боришга етади.

Германияда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёни жуда қийин ва қиммат. Сифатли автобанлар ва малакали ҳайдовчилар тандеми йўлдаги транспорт ҳодисалари сонини ҳам кескин қисқартирган. Чексиз тезлик бўлса ҳам, бу магистраллардаги хавфсизлик даражаси жуда юқори. Ўлимлар сони Россиядан 5 бараварга, АҚШдан эса уч бараварга камроқ. Автобанларнинг ҳаммаёғида ҳам тезлик чекланмаган эмас. Бутун Германия магистралларининг учдан бир қисмидагина шундай юришингиз мумкин. Шунда ҳам соатига 130 кмгача юриш тавсия қилинади. Қолган ҳудудларда 80-100-120 км/соат тезлик чекловлари бор. Автобанлар Германия муҳандислиги, маданияти ва тартибининг рамзи ҳисобланади. Немислар ҳам бу билан фахрланишади.
ГЕРМАНИЯДА ПОЕЗДЛАР КЕЧИКАДИ

Бу дунёнинг темирйўл тармоқлари харитаси. Европада қанчалик тиғиз бўлса, Осиёда шунчалик тарқоқ. Ҳиндистон ва Шарқий Осиёни ҳисобга олмаганда, албатта. Европанинг энг зич ва энг фаол темир йўл тармоғига эга давлатлардан бири эса Германия. Узунлиги бўйича Европада топ-3 ликда, гавжумлиги ва зичлигига кўра 1-ўринда. Кунига 20 000 дан ортиқ поезд ҳаракатланади.
Агар Германия темир йўлларини кетма-кет ёйсак, Берлин–Токио масофасини икки марта ёки Ер меридианининг 95 фоизини айланиб чиқиш мумкин. Бу кўрсаткичлари билан у Европада мутлақ рекордчи. АҚШ автомобиллар давлати бўлса, Германия темирйўл-маданиятли давлат. Германияликлар эса Европадаги энг кўп “поездга чиқдим” деювчи халқ.
Шундай кўрсаткичларига қарамай, Германияда поездлар тез-тез кечикади. Расмий маълумотларда узоқ масофали поездларнинг ярмидан кўпи ўз вақтида келмаслиги айтилади. Тўғри эшитдингиз. Немисча ҳисоб-китобни дунёга ўрнак қила олган бу давлатда поездларга умуман ишониб бўлмайди. Немислар учун бу оддий ҳол. Улар режаларини поездлар ҳаракатига қараб тузишмайди ёки захира вақт билан ҳисоблашади. Мана сизга парадокс!
ҚАСРЛАР МАМЛАКАТИ
Баварияда мен боришни хоҳлаган жой – Нойшванштайн қасри эди ва бу орзу амалга ошди. Кутилмаганда ёғиб, бирпасда ҳаммаёқда бурканган қор эса эртакнамо манзарага янада романтик қиёфа қўшиб юборди.

“Дисней”нинг машҳур “Уйқудаги гўзал” мултьфильмидаги қаср дизайни айнан шундан илҳомланиб олинган ва кейинчалик Диснейленднинг логотипига кўчирилган. Бизнинг “Межик сити”миз эса “Дисней”дан илҳомланилганини ҳисобга олсак, бу қаср бизга ҳам бегона эмас. Уни айримлар “Соҳибжамол ва Маҳлуқ”нинг қасри ҳам дейишади. Дисней логотипи тўлиқ Нойшванштайннинг нусхаси эмас. Унинг мукаммаллаштирилган фантазия натижаси аслида.
Германиянинг ҳар бир тоғ этагида, ҳар бир дарё бўйида, ўрта асрларнинг шивир-шивирини сақлаб қолган саройлар кўп. 25 мингдан ортиқ қаср ва қамалхоналари бор бўлган Германия “Қасрлар мамлакати” ҳам дейилади. Уларнинг ҳар бирини кўрганда ўзингизни ҳайбат, тарих ва афсоналарда яшаётгандек ҳис қиласиз.
Қолган маълумотларни Германиядан тайёрланган икки қисмли кўрсатувларимиз орқали томоша қилишингиз мумкин. Биз вақтингизни қадрлаймиз ва уни фойдали нарсаларга сарфлашингизни хоҳлаймиз.
Сценарий муаллифи ва бошловчи Сардорбек Усмоний
Ҳаммуаллиф Иброҳим Самадов
Видеотасвирчи ва монтаж устаси Муҳаммаджон Ғаниев
Мавзуга оид
13:46 / 19.12.2025
Германия 535 нафар афғонистонликни қабул қилади
15:05 / 17.12.2025
Германия: янги денгиз вертолёти сувости кемаларига қарши курашни кучайтиради
12:08 / 17.12.2025
Берлин ва Лондон Киевга ҳаво мудофаасини кучайтиришда ёрдам ваъда қилди
14:30 / 16.12.2025