Жаҳон | 10:43
966
3 дақиқада ўқилади

ГФР ТИВ раҳбари Берлинда Колесникова ва Бабарикони қабул қилди

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Берлинда беларус мухолифатчилари Мария Колесникова ва Виктор Бабарикони қабул қилди. Улар Европани Беларусдаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун янада фаолроқ курашишга чақирди.

Фото: Picture Alliance

Озодликка чиққан беларус мухолифатчилари Мария Колесникова ва Виктор Бабарико Берлинга етиб келди. Уларни Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул қабул қилди. Учрашув ҳақида у жума куни, 19 декабр куни X ижтимоий тармоғида хабар берди.

“Германияга хуш келибсиз, Мария Колесникова ва Виктор Бабарико. Кўп йиллик сиёсий қамоқдан кейин озод қилинганингиз умид бағишлайди. Беларусда эркинлик ва демократияга содиқлигингиз — жасоратли позициянгиз — Беларусда ва ундан ташқарида ҳам кўпчиликка илҳом беради. Менга ҳам шахсан илҳом беради”, — деб ёзди Вадефул.

Бабариконинг ҳамфикрлари Telegram’да “Виктор ва Мария немис томонига қабул ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди, сиёсий маҳбусларни озод қилиш масаласида АҚШнинг саъй-ҳаракатларини қайд этди ва Европа бу жараёнга янада фаолроқ қўшилишига умид билдирди”, деб хабар қилди.

14 декабр куни ГФР ички ишлар вазири Александер Добриндт Германия Колесникова ва Бабарикони қабул қилишини маълум қилган эди. Вазир ARD немис телеканали эфирида тушунтиришича, ГФР ҳукумати беларус демократик ҳаракати Беларусдан ташқарида ривожланишига тўғри келса ҳам, унинг янада мустаҳкамланишидан жуда манфаатдор.

13 декабр куни, Александр Лукашенко ва АҚШ делегацияси (Беларус бўйича махсус элчи Жон Коул бошчилигида) ўртасидаги музокаралардан кейин, мамлакат ҳокимияти 123 нафар сиёсий маҳбусни озод қилди. Колесникова ва Бабарикодан ташқари, Нобел мукофоти соҳиби, “Вясна” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Алес Беляцкий, Tut.by портали бош муҳаррири Марина Золотова, адвокат Максим Знак, сиёсий таҳлилчи Александр Федута ҳам озод қилинган.

Жавоб тариқасида АҚШ Беларус калий саноатига қўйилган санкцияларни бекор қилишга ваъда берган. Озод қилинган барча сиёсий маҳбуслар Беларус ҳудудидан чиқариб юборилган. Уларнинг 114 нафари Украинага, тўққиз нафари эса Литвага етказилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид