Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: Украина позицияси анча кучайди
Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Украина президенти Володимир Зеленский билан Россия-Украина урушига барҳам бериш масаласини муҳокама қилди.
Фото: AP
22 май куни видеоконференция шаклида бўлиб ўтган учрашувда тинчлик йўлида дипломатик ҳаракатларни жонлантириш ва Европа иштирокини кучайтириш масалалари асосий мавзулардан бири бўлди.
Володимир Зеленский музокаралардан кейин Европа иттифоқчилари Украина позицияси ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан анча кучайганини тан олаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айнан шу босим Россияни амалий дипломатияга ундаши мумкин.
Британия бош вазири матбуот хизмати Европа давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашни яқин ойларда янада кучайтиришга келишиб олганини билдирди. Томонлар Россия агрессиясига қарши туриш Европа ва жаҳон хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини қайд этган.
Шу билан бирга, Зеленский Россиянинг Украина, Беларусь ва Европанинг бошқа йўналишлари бўйича режалари ҳақида ҳам маълумот берганини айтди. Бу борада махсус хизматлар ўртасида ахборот алмашинуви давом эттирилиши режалаштирилмоқда.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха эса Украина–АҚШ–Россия форматидаги музокаралар ўз имкониятларини деярли тугатганини билдирди. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи вакилларини тинчлик музокараларига жалб қилиш жараёнга янги туртки бериши мумкин.
Сибиха, шунингдек, Владимир Путин, Володимир Зеленский ва Дональд Трамп иштирокида давлат раҳбарлари даражасида учрашув ўтказиш ғоясини ҳам илгари сурди.
Мавзуга оид
09:44
Венгрия украин маҳсулотлари импортини яна тақиқлади
23:05 / 22.05.2026
Рубио АҚШнинг Россия ва Украина билан музокаралари боши берк кўчага кириб қолганини айтди
21:08 / 22.05.2026
Bloomberg: Путин урушни йил охиригача якунламоқчи, аммо ўз шартлари асосида
09:11 / 22.05.2026