Жаҳон | 14:35 / 22.12.2025
3172
3 дақиқада ўқилади

Париж Путиннинг Макрон билан мулоқотга тайёрлигини олқишлади

Эммануэл Макрон маъмуриятида Франция президентининг Россия раҳбари билан музокаралари учун “энг мақбул ҳаракатлар тартиби” муҳокама қилинади. “Кремл бу қадамни очиқ равишда маъқуллагани олқишлашга арзийди”, — дейилади хабарда.

Фото: Stephanie Lecocq/REUTERS

Франция президенти маъмурияти Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги урушни тўхтатиш масаласи бўйича президент Эммануэл Макрон билан музокара ўтказишга тайёрлигини олқишлади. Елисей саройи изоҳини 21 декабр, якшанба куни AFP агентлиги келтирди.

“Кремль бу қадамни омма олдида маъқуллагани олқишлашга арзийди”, — дейилади баёнотда. Президент маъмурияти қўшимча қилишича, яқин кунларда “энг яхши ҳаракатлар тартиби” муҳокама қилинади.

Макрон 19 декабр куни Путин билан музокараларни қайта бошлаш “европаликлар ва украинлар манфаатига хизмат қилиши”ни айтган.

“Акс ҳолда биз ўзаро баҳслашаверамиз — Россия (томони — таҳр.) билан мустақил мулоқот олиб борадиган музокарачилар билан алоқада бўлган ҳолда. Бу мақбул вариант эмас”, — дея Франция раҳбарининг сўзларини келтирган dpa агентлиги.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков 21 декабр куни эълон қилинган интервюсида Путин Макрон билан музокараларга тайёр эканини айтди.

“У (Макрон — таҳр.) Путин билан суҳбатлашишга тайёрлигини айтди. Бу ерда, эҳтимол, президент тўғридан тўғри эфирда айтган гапларни эслаш жуда муҳим. У ҳам Макрон билан мулоқотга тайёрлигини билдирган. Демак, агар ўзаро сиёсий ирода бўлса, буни фақат ижобий баҳолаш мумкин”, — деди Песков.

РФ президенти вакили икки давлат етакчилари ўртасидаги эҳтимолий алоқалар “бир-бирининг позицияларини тушунишга уриниш” бўлиши, “насиҳат ўқиш” керак эмаслигини қўшимча қилди. “Путин доим ўз позицияларини тушунтиришга, суҳбатдошларига уларни батафсил, самимий ва изчил баён қилишга тайёр”, — деди у.

Июл ойида Макрон ва Путин уч йилдан кейин илк бор телефон орқали суҳбатлашган. Улар Украинадаги урушни, Эрон–Исроил можароси кескинлашувини, шунингдек АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларини муҳокама қилган. Томонлар Яқин Шарқ бўйича позицияларни мувофиқлаштириш учун алоқада бўлиб туришга келишиб олган.

Шу билан бирга, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков АҚШ, Украина ва Россия вакиллари ўртасида тўғридан тўғри учрашув тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. “Ҳозирча бу ташаббус ҳақида ҳеч ким жиддий гапиргани йўқ, билишимча, у ишлаб чиқиш босқичида ҳам эмас”, — деди у 21 декабр куни.

19 декабрдан бери АҚШнинг Флорида штатида Украинадаги урушни эҳтимолий тугатишга бағишланган маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид