Технология | 07:59
1109
4 дақиқада ўқилади

Star Wars’га ўхшаш Phantom: АҚШдаги янги ҳарбий ҳуманоид лойиҳа

Сан-Франциско (Калифорния)да жойлашган робототехника стартапи Foundation ҳарбий гуманоид тизимлар соҳасида илгарилашни жадаллаштирди ва 2027 йил охиригача 50 000 тагача одамсимон робот ишлаб чиқариш режасини маълум қилди.

Фото: Foundation

Одамсимон Phantom MK-1 роботи ҳам саноатда қўллаш, ҳам жанг майдонида ишлатиш учун ишлаб чиқилмоқда. Бу Foundation’ни бир вақтнинг ўзида мудофаа ва тижорий бозорларга очиқча йўналган кам сонли компаниялардан бирига айлантиради.

Phantom MK-1'нинг бўйи тахминан 175 см, вазни эса 80 кг атрофида. Робот илк бошиданоқ жанг ҳаракатлари чегарасидаги вазифалар учун лойиҳалаштирилган: разведка, мина/портловчи қурилмаларни зарарсизлантириш ва юқори хавфли ер усти операцияларини бажариш.

Foundation бош директори Санкает Патхак интервюда бу ёндашувни тасдиқлаб, гуманоид роботлар хавфли миссияларда “биринчи бўлиб кирувчи тана”га айланиши кераклигини айтди — эҳтимол, ҳатто летал қурол олиб юриши ҳам мумкин, бироқ шу билан аскарларнинг ҳаёти бевосита хавф остида қолишини камайтиради.

Аввалги материаллар билан солиштирганда, Foundation режалари анча дабдабали тус олган: илгари 2026 йилгача 10 000 та робот ҳақида гап кетган бўлса, энди Патхак бу йилнинг ўзида 40 та машина жойлаштириш, 2026 йилда 10 000 та ишлаб чиқаришга етиш, 2027 йил охирига бориб 50 000 та гуманоидга чиқиш нияти борлигини айтмоқда.

У ўзи бу мақсадни жасур, ҳатто дадил деб атайди, бироқ уни амалга оширишнинг “нол эҳтимоли” борлигини ҳам таъкидлайди.

Компания бундай суръатларни сунъий интеллект ва узатма тизимлари соҳасида олдинроқ амалга оширилган харидлар билан изоҳлайди: бу ишланмалар циклларини қисқартирган. Шунингдек, бошқарув жамоаси ҳам кучли: унга Tesla, Boston Dynamics, SpaceX ва 1X'дан чиққан мутахассислар қўшилган. Foundation’да ишлаб чиқариш йўналиши раҳбари аввал Tesla Model X ва Model Y ишлаб чиқаришини масштаблаштиришда иштирок этган — бу стратегияга таъсир қилган: яъни, ортиқча автоматлаштиришга шошилмаслик.

Foundation роботларни сотишни эмас, ижарага (лизингга) беришни режалаштирмоқда. Бир гуманоид роботнинг йиллик лизинг нархи тахминан 100 000 доллар бўлиши мумкин. Деярли узлуксиз иш режими бир роботга бир нечта инсон сменасини алмаштириш имконини бергани учун, назарий жиҳатдан, иш вақти, узлуксиз ишлаш кўрсаткичи ва хизмат кўрсатиш ҳисобидан иқтисодий тежамкорликка олиб келиши мумкин.

Бироқ бу ҳисоб-китоблар гуманоид роботлар ҳали реал шароитларда барқарор намойиш этмаган иш унумдорлиги даражаларга таянади.

Патхак таъкидлашича, Phantom тўлиқ автоном машина сифатида ўйланмаган. Foundation замонавий ҳарбий дронларга ўхшаш “бошқарув занжирида инсон (human-in-the-loop)” моделини тутмоқда: робот ҳаракатланиш ва навигация учун жавоб беради, летал куч қўллаш ҳақидаги қарор эса оператор қўлида қолади.

Қора корпус, кенг елкалар ва мимикасиз “юз” (унга камералар ўрнатилган) билан Phantom MK-1 ташқи кўриниши жиҳатдан тийиқ ва утилитар кўринади. Илгари уни Star Wars'даги жанговар дроидлар билан қиёслашган — нафақат бош шаклига ўхшашлиги, балки вазифасига кўра ҳам.

Патхак бир неча бор гуманоид роботлар авиазарбалар ва оғир қуролларга боғлиқликни камайтириши, ерда аниқ ҳаракатларни таъминлаши ва эҳтимол “қўшимча зарар”ни пасайтириши мумкинлигини айтган. Шу билан бирга, компания куч ишлатишда ҳал қилувчи қарор инсонда қолиши кераклигини, яъни қарорни инсон қабул қилиши шартлигини таъкидлайди.

Бироқ тескари таъсир ҳам эҳтимолдан холи эмас: аскарлар учун тўғридан тўғри хавфнинг йўқолиши ҳарбий куч ишлатишга нисбатан сиёсий ва жамоатчилик тўсиқларини пасайтириши, натижада уни қўллаш эҳтимолини камайтириш эмас, аксинча, ошириб юбориши мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид