Жаҳон | 23:22 / 25.12.2025
752
2 дақиқада ўқилади

Жазоир француз мустамлакасини жиноят деб эълон қилди

Бу ҳақдаги қонунда Франция «Жазоирдаги мустамлакачилик ўтмиши ва у келтириб чиқарган фожиалар учун қонуний жавобгар» экани қайд этилган.

Фото: AP

Жазоир парламенти бир овоздан Франция мустамлакасини жиноят деб эълон қилувчи қонунни қабул қилди. Ҳужжатда Франция «Жазоирдаги мустамлакачилик ўтмиши ва у келтириб чиқарган фожиалар учун қонуний жавобгар» экани қайд этилган, деб ёзди Al-Jazeera.

Тарих ва хотира бўйича миллий комиссия координатори Муҳаммад Лаҳсин Зажидий Франциянинг Жазоирни мустамлакага айлантириши жиноийлаштирилишини тарихий лаҳза деб атади. Жазоир Миллат кенгаши (мамлакат парламентининг юқори палатаси) спикери Аззуз Носирий ҳам қарорга худди шундай изоҳ бериб, қонуннинг қабул қилиниши «адолатни мустаҳкамлайди» ва ўз суверенитети ва дахлсиз ҳуқуқларига ҳеч қандай тажовузни қабул қилмайдиган «Жазоир халқи қурбонларини оқлайди» деб таъкидлади.

Овоз беришдан олдин парламент спикери Иброҳим Бужалий бу «Жазоирнинг миллий хотираси ўчирилмаслиги ёки муҳокама қилинмаслиги ҳақида мамлакат ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам аниқ сигнал» бўлишини айтди, деб ёзди Al-Jazeera. Қонун қабул қилингандан сўнг, депутатлар миллий байроқ гулларини ўраб, «Яшасин Жазоир!» деб ҳайқирдилар ва қонун лойиҳасининг қабул қилинишини олқишладилар.

Жазоир 1830 йилдан 1962 йилгача юз йилдан ортиқ вақт давомида Франциянинг мустамлакаси бўлган. 1954 йилдан 1962 йилгача давом этган миллий-озодлик уруши натижасида мамлакат Франциядан мустақилликка эришди.

Франция президенти Эммануэл Макрон 2023 йилда мустамлакани «инсониятга қарши жиноят» деб атади, аммо Жазоир бир неча бор талаб қилганидек, кечирим сўрашдан бош тортди. Бўлажак овоз беришдан олдин Франция Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Паскал Конфаврё «хорижий мамлакатларда бўлиб ўтаётган сиёсий мунозараларга» изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид