Жаҳон | 21:51 / 26.12.2025
1946
2 дақиқада ўқилади

Исроил дунёда биринчи бўлиб Сомалиленд мустақиллигини тан олди

Африкадаги Сомалиленд ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида халқаро миқёсда тан олинмаган ва расмий равишда жаҳон ҳамжамияти томонидан Сомалининг бир қисми деб ҳисобланган давлат эди.

Фото: Amos Ben Gershom

Исроил давлати Сомалиленд Республикасини мустақил ва суверен давлат сифатида расман тан олган биринчи давлат бўлди, деб хабар берди Исроил бош вазири матбуот хизмати.

Тан олиш тўғрисидаги декларацияни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Сомалиленд президенти Абдураҳмон Муҳаммад Абдуллоҳий икки давлат раҳбарларининг видеоконференсиясидан сўнг имзолади. Ҳар икки томон тўлақонли дипломатик муносабатлар ўрнатиш, жумладан, элчилар алмашиш ва элчихоналар очишни бошлашга келишиб олди.

Нетаняҳу бу қадамни «тарихий» деб атади ва «иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва технология соҳасидаги ҳамкорликни» кенгайтиришга умид билдирди. Шунингдек, Исроил Сомалиленд президентини расмий ташриф билан мамлакатга таклиф қилди.

Сомалиленд - Шарқий Африканинг шимолидаги ўзини мустақил деб эълон қилган давлат бўлиб, 1991 йилда Сиад Барре режими қулаганидан кейин Сомали таркибидан ажралиб чиққан. У шундан бери амалда мустақил давлат сифатида фаолият юритади: ўз ҳокимият органлари, конституцияси, валютаси, армиясига эга ва мунтазам равишда сайловлар ўтказади. Сомалининг қолган қисмига нисбатан барқарорлиги ва хавфсизлигига қарамай, Сомалиленд ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида халқаро миқёсда тан олинмаган ва расмий равишда жаҳон ҳамжамияти томонидан Сомалининг бир қисми деб ҳисобланган.

Энди ушбу дипломатик эътироф Африка ва Яқин Шарқдаги стратегик динамикани ўзгартириши мумкин, чунки Сомалиленд Қизил денгиз ва Адан кўрфази секторида муҳим географик нуқтада жойлашган. Ушбу ҳудуд яқинидан жаҳон савдосининг 10 фоиз ҳажми ўтади.

Қарор аллақачон Сомалининг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи бир қатор давлатлар, жумладан Мисрнинг салбий реакциясига сабаб бўлди, улар минтақа барқарорлиги учун эҳтимолий оқибатлардан хавотир билдирди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид