Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда яна бир аёл ҳоким пайдо бўлди
Дилфуза Қамбарова Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ҳокими лавозимига тайинланди. Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокими лавозимидаги аёл раҳбарлар сони 6 нафарга етди.
Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги
Дилфуза Йигиталиевна Қамбарова Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ширин шаҳри халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.
Дилфуза Қамбарова бунга қадар акциядорлик-тижорат Халқ банки Сирдарё вилояти минтақавий маркази Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича минтақавий марказ бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Ўзбекистонда 2020 йил феврал-март ойларида аёл раҳбарларни ҳудудларга раҳбар этиб тайинлаш анъанаси бошланганди ва ўшанда биратўла беш ҳудудда аёл ҳокимлар иш бошлаганди. Кейинроқ бу ҳокимлардан бири вафот этди (Садбархон Мамитова, Бўстон тумани), бири ишдан олинди (Мақсуда Мустафоева, Қарши шаҳри), яна бири юқори лавозимга кўтарилди (Зулайҳо Маҳкамова, Тўрақўрғон тумани).
Аёл раҳбарларни ҳоким этиб тайинлаш кейин ҳам давом этди ва эндиликда Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокими лавозимидаги аёл раҳбарлар сони 6 нафарга етди.
Ҳозирда Сирдарё вилояти Боёвут туманида Дилфуза Уралова (2020 йил февралдан буён), Бухоро вилояти Олот туманида Наргиза Неъматова (2020 йил феврал), Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида Гавҳар Алимова (2020 йил март), Андижон вилояти Бўстон туманида Санобархон Носирова (2021 йил апрел) ва Тошкент шаҳри Яккасарой туманида Нилуфар Аллаберганова (2023 йил октябр) раҳбар бўлиб ишламоқда.
Сессияда туманга 2023 йил ноябридан буён раҳбарлик қилиб келган Ниёз Ҳазратқулов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан Ширин шаҳри ҳокими лавозимидан озод этилган.
Унинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча хабар берилмади.