Ўзбекистон | 07:36
1078
2 дақиқада ўқилади

Қонун талабларини бузган икки нафар судья ишдан бўшатилди

Судьялар олий кенгаши 6 май куни айрим судьяларнинг ваколат муддатини тугатиш ва лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: panthermedia/vostock-photo

Қарорга (.pdf) кўра, Хоразм вилояти Тупроққалъа туман суди тергов судьяси Шерали Сейтирзаев ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилди. Шунингдек, Фарғона вилояти Бағдод туман суди раиси Отабек Сиддиқов ҳам аризаси асосида судьялик лавозимидан озод қилинган.

Яна икки судьянинг ваколати интизомий ва қонуний асослар билан муддатидан илгари тугатилди. Хусусан, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Фарруҳ Саматов судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган, суд обрўсига путур етказадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этгани ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод этилди.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судьяси Фаҳриддин Халилов эса одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун судьялик ваколатидан муддатидан илгари маҳрум қилинди. Қарорда қайд этилишича, мазкур ҳужжат қабул қилинган кундан эътиборан кучга кирган.

Шунингдек, кенгаш қарори (.pdf) билан бир қанча тайинловлар амалга оширилди.

Шавкатжон Мирзалиев Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг тергов судьяси лавозимига, Шохан Бектурганов Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг судьяси лавозимига, Фарруҳ Бозорбоев Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси лавозимига тайинланди. Дилдора Анварова пойтахт жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг тергов судьяси бўлди.

Бундан ташқари, Ботиржон Сагатов Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьяси лавозимини, Иқбол Зокиров эса Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг тергов судьяси лавозимини эгаллади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид