Жаҳон | 15:01 / 29.12.2025
1539
2 дақиқада ўқилади

Скандинавияда “Йоханесс” бўрони: қурбонлар ва катта электр узилишлари

Швецияда “Йоханесс” бўрони пайтида уч киши ҳалок бўлди. Норвегия, Швеция ва Финландияда эса жами 140 минг хонадон электр энергиясиз қолди.

Фото: Andreas Björklund/TT/IMAGO

Скандинавияга ёпирилган “Йоханнес” бўрони Швецияда уч кишининг ҳаётига зомин бўлди ва Швеция, Норвегия ҳамда Финландияда жами 140 минг хонадон маълум муддат электр энергиясиз қолди. Бу ҳақда dpa агентлиги якшанба, 28 декабр куни хабар берди.

Svenska Dagbladet газетаси маълумотига кўра, Швецияда ҳалок бўлган уч кишининг барчаси шамол қулатган дарахтлар остида қолиб кетган. Фожиали ҳодисалар мамлакатнинг марказий қисмидаги Хофорс ва Сандвикен шаҳарларида, шунингдек Норрланд минтақасида, Ботния қўлтиғи соҳилида жойлашган Хернёсанд шаҳрида содир бўлган. Ҳалок бўлганлар 50 ёшдан 70 ёшгача бўлган. Швециянинг TT ахборот агентлигига кўра, улардан бири Hemab энергетика компанияси ходими бўлган. У очиқ ҳавода иш бажараётган пайтда унинг устига дарахт қулаб тушган.

Нашр ёзишича, 28 декабрда бўрон кучи сусайган. Бироқ қироллик ҳокимияти ҳали ҳам автомобилда сафар қилишдан тийилишни тавсия қилмоқда — сабаби йўлларда кўплаб қулаган дарахтлар ётибди. Шунингдек, 28 декабр куни мамлакатдаги бир қатор темирйўл йўналишларида поездлар ҳаракати тўхтатилгани айтилади. 28 декабрда Швецияда 40 минг хонадон электр энергиясиз қолган.

Финландияда ҳам “Йоханнес” бўрони туфайли поездлар қатнови издан чиққан. Dpa хабар беришича, ҳар икки мамлакатда авиарейслар кечикиб учган ёки умуман бекор қилинган.

Финландияда бўронли шамол Женевадан келган Swiss Airlines йўловчи самолётини учиш-қўниш йўлагидан суриб чиқариб, қор уюмига киритиб юборган. Ушбу ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид