Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркманистонда «Дўзах дарвозаси» оловини ўчириш усули топилгани таъкидланмоқда
Дарвоза қишлоғи яқинидаги табиий газ кратери 60 йилдан буён ёняпти. Туркманистон президенти уни ўчиришни бир неча бор талаб қилган эди.
Фото: Carolyn Drake
«Туркменгаз» давлат концернининг Табиий газ илмий-тадқиқот институти мутахассислари 1963 йилдан бери табиий газ ер юзасига чиқиб, ёнаётган Марказий Қорақумдаги «Дарвоза» кратерининг назоратсиз ёнишини бартараф этиш усулини ишлаб чиқди. Ечим янги қудуқ бурғилаш ва газ оқимларини қайта йўналтиришга асосланган. Бу ҳақда «Небит-Газ» нашрига таяниб «Туркменпортал» хабар берди.
«Аниқланган геологик ва гидродинамик хусусиятларни инобатга олган ҳолда Табиий газ илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан Чалжулба конида эксплуатацион баҳолаш қудуғини бурғилаш таклифи берилди. Захиралари бўйича энг сиғимли қатламдан газни жадал олиш ҳисобига филтрация оқимлари йўналишини ўзгартириш ва кратерга газ чиқишини сезиларли даражада камайтириш имконияти яратилди», дейилади хабарда.
Ёнаётган кратер Ашхободдан 260 км шимолдаги Дарвоза қишлоғи яқинида жойлашган. У ярим асрдан кўпроқ вақт олдин, 1963 йилда (баъзи манбаларда 1971 йилда) геологик ишлар натижасида пайдо бўлган. Газ конини ўрганиш пайтида геологлар қудуқни бурғулади ва бўшлиққа дуч келди, оқибатда тупроқнинг юқори қатламлари ва бурғулаш қурилмаси қулаб тушди. Тешик ҳосил бўлиб, ундан табиий газ сизиб чиқа бошлади.
Маҳаллий аҳоли ва ҳайвонлар газдан заҳарланмаслиги учун кратер қасддан ёқиб юборилди. Газ бир неча кундан кейин ёниб тугаши режалаштирилган эди, аммо у кўп қатламли кон бўлгани сабабли бугунги кунгача ёнишда давом этмоқда. Кратернинг кенглиги тахминан 60 м, чуқурлиги эса тахминан 20 м. Кратер расмий равишда «Қорақум шуъласи» ва норасмий равишда «Дўзах дарвозаси» деб номланган маҳаллий диққатга сазовор жойга айланди.
2010 йилда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кратернинг ёниши яқин атрофдаги газ конларини ўзлаштиришга халақит бермаслиги учун уни ўчиришни буюрган эди. 2022 йилда у ўз талабини такрорлади. Президент ер остидан сизиб чиқаётган газ маҳаллий аҳоли саломатлиги ва ҳудуддаги экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, табиий газни экспорт қилиш ва фойда олиш мумкин бўлган ҳолда исроф қилинаётганини айтди.
Мавзуга оид
22:57 / 22.12.2025
Фарғонада метан муаммоси: шохобчалар очилмади, вазир ваъда қилган контейнерлардан дарак йўқ
20:33 / 22.12.2025
Россиядан Ўзбекистонга газ экспорти 2030 йилда тўрт баробар ўсиши мумкин
11:37 / 19.12.2025
Нефт-газ соҳасида кутилган натижаларга эришилмаяпти — Қўчқоров
18:06 / 16.12.2025